СОҒ ТАНДА СОҒЛОМ АҚЛ
Спорт инсонни ҳар томонлама соғлом, ақлан етук бўлишида катта аҳамиятга эга. Кейинги вақтда спортнинг оммавийлигини ошириш, ҳар бир ташкилотда ишловчи ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида эрталабки бадантарбия машқларини бажариш йўлга қўйилаётгани ҳам бежиз эмас.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тизимига уюшган ташкилот ва муассасаларда ишловчи ходимларни дам олдириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг спорт билан доимий шуғулланиб боришлари учун шароитлар яратиш эътиборимизда бўлмоқда. Бу борада ташкил этилаётган спорт мусобақаларининг ўрни ҳам алоҳида.
Яқинда Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида «Спартакиада – 2019» спорт мусобақаси ўтказилди. Мазкур коллеж, 6, 36-мактаблар спорт залларида уюштирилган баскетбол ва волейбол бўйича мусобақаларда икки юз қирқдан ортиқ устоз-мураббий ўзаро куч синашди.
-Бизга яратилган шарт-шароит ва имкониятлардан мамнунмиз, -дейди спартакиада иштирокчиси, туман Кенгаши депутати Гавҳархон Валиева. -Ҳар йили спартакиада мусобақалари юксак уюшқоқликда ташкил этилади. Бир кун давомида барча чарчоқларимиз ёзилади, ҳамкасбларимиз билан дўстона муносабатлар шаклланади. Мусобақаларнинг ташкил этилиши, «Шотут» ошхонасида бепул тушлик уюштирилиши, якунда ғолиб ва барча иштирокчиларга совғалар топширилиши намунали йўлга қўйилган. Бунинг учун ташкилотчиларга, бош ҳисобчи Наимахон Валиевага алоҳида миннатдорчилик билдираман.
Спартакиада якунига кўра волейбол бўйича мусобақаларда эркаклар ўртасида Ғайрат қишлоғи ҳудуди (22, 28, 41-мактаблардан иборат жамоа) биринчи, 9-мактаб (2, 5, 9-мактаблар) иккинчи, 7-мактаб жамоаси учинчи ўринларни банд этди. Аёллар ўртасидаги баҳсларда 1-ўрин Ровот (8, 9-мактаблар), 2-ўрин Ғайрат (22, 41-мактаблар), 3-ўрин 11-мактаб жамоаларига насиб қилди.
Баскетбол мусобақасида 26-мактаб жамоаси биринчи, Ёрқўрғон (10, 33, 38-мактаблар) иккинчи, 6-мактаб жамоаси учинчи ўринларни қўлга киритишди.
Мусобақалар якунига бағишланган тантанали маросимда Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори Абдумажид Отабоев, спорт фахрийси Собиржон Жўраевлар самимий тилаклар билдиришди, ғолибларга эсдалик совғаларини тақдим қилишди.
Мирзамаҳмуд ТЎХТАБОЕВ,
таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси.

