УЙЧИЛИК БАҲРОМЖОН БАХШИ – ФЕСТИВАЛЬ ИШТИРОКЧИСИ
Қадимий ва навқирон Термиз шаҳрида улкан анжуман – Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтди.
Бахшичилик юртимизда анчайин қадимий санъат бўлиб, халқ орасида кенг тарқалган, тўйларда, миллий байрамларда ижро этиладиган достонлар, қўшиқлар, термалар шу санъат намуналари ҳисобланади. Унинг ижрочиси «бахши» деб аталиб, қадимда уни «табиб» (беморлар бахши ижросидаги фольклор намуналарини тинглаб, соғайган), «устоз», «қалбга қувонч бахш этувчи» деб эъзозланган. Бахши ўз санъати орқали халқ оғзаки ижоди намуналарини асрдан асрга, авлоддан авлодга олиб ўтган шоир, созанда, ашулачи бўлиб, дўмбира чолғуси жўрлигида куйлаган.
Бахшичилик ўзига хос мураккаб санъат сифатида ижрочидан тиниқ овозни, муайян услубни ва кучли хотирани талаб этади.
Сир эмас, мазкур санъат кейинги йилларда бироз эътибордан четда қола бошлаган, радио, телевидениеда ҳам бахшилар чиқиши камайиб бораётган эди. Буни ўз вақтида теран англаган Юртбошимиз ўз вақтида қарор чиқар-диларки, бугун бахшичиликни дунё матбуоти ёритмоқда. Президентимиз-нинг «Бахшини тинглаган бола доимо яхшиликка интилади, қалбида эзгулик уруғи унади, маърифат, маънавият илдиз отади», -деган фикрлари қарорнинг мазмун-моҳиятини белгилайди.
Фестивалда 80 дан ортиқ хорижий давлатдан фольклоршунос олимлар, санъаткорлар, амалиётчилар ташриф буюрдилар. Ўзбекистонимиздан эса 300 дан зиёд бахши қатнашмоқда. Улар орасида водийдан ягона иштирокчи, Уйчи фарзанди Баҳромжон бахши Солиев ҳам бор. У айни вақтда Уйчи туманлараро газ таъминоти участкасининг авария тиклаш хизматида чилангар вазифасида фаолият кўрсатса-да, унда санъатга бўлган иштиёқ анча кучли.
Баҳромжон билан бахшичилик санъати, фестиваль ҳақида суҳбатлашганимизда, қуйидагиларни гапириб берди:
-XVIII асрдан бошлаб Фарғона водийсида бахшичилик санъати пасайиб борди. Собиқ тузум даврида у ер-бу ерда достон, терма айтиб юрувчи бахшилар бўлиб, уларнинг мактаби ҳам йўқолди. Мен ёшлигимдан телевидение, радио орқали Абдуназар бахши Поёнов, Шоберди бахши, Шодмон бахши Рўзиевларнинг чиқишларини кўриб юриб, шу санъатга ишқим тушиб қолган ва ўзимча хиргойи қилиб юрардим. 2000-2004 йилларда Наманган педагогика коллежида таҳсил олган чоғларимда устозим Толибжон Дадабоевдан бу санъат сирларини ўргандим. Меҳнатларим зое кетмади, мана, илк бор ўтказилаётган халқаро фестивалда иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим.
-Фестивалда нималарни ижро этмоқчисиз?
-Мафтункор Наманганимизни мадҳ этувчи термалар ва Ғуломжон Норматовнинг «Ўзбекистон» шеърини бахшиёна услубда тайёрлаганман, шуларни ижро қиламан.
Баҳромжондан келгуси режалари ҳақида сўраганимизда: «Водийда, Наманганда тўхтаб қолган бахшичилик мактаби фаолиятини йўлга қўйиш ниятим бор. Мазкур фестиваль бу борада менга тажриба орттириш воситаси бўлади», -деб жавоб берди.
Эзгу ниятларингиз рўёбга чиқсин, Баҳромжон бахши!
Ўринбой МЎМИНОВ.

