ЎҚУВЧИЛАРГА ЮЗГА ЯҚИН КИТОБ ТОПШИРИЛДИ

Яқинда ҳаваскор «Китобхонлар давраси» гуруҳи вакиллари – Моҳина Нурсаидова, Адиз Исроилов, Ғиёсжон Ражабов, Фозил Мўминов, Жавлонбек Абдуллаев, Шерзод Қодиров, Фирдавсий Шойдуллаевлар 15-мактабга ташриф буюришди. Гуруҳ томонидан давомли тарзда ўтказилиб келинаётган «Китоб бизни бирлаштиради» номли ушбу учрашув учун мактаб ўқувчилари астойдил тайёргарлик кўришган экан. Танлов давомида Фазилат Маматова раҳбарлигидаги 3-«Б» синф ўқувчилари ўз чиқишлари билан томошабинларни қувонтиришди. Жажжи болалар томонидан айтилган китоб ҳақидаги шеърлар, ҳикматли сўзлар ҳаммага жуда ёқди. Шунингдек, «Бир келиб кетинг, қишлоғимизга» номли қўшиқ ўзи шўх бўлса ҳам, таъсирчанлиги учун бизни йиғлатишига оз қолди. Қўшиққа саҳналаштирилган рақс эса, бир сўз билан айтганда, ажойиб.  Бадиий қисмдан сўнг, барча синф ўқувчилари гуруҳ аъзолари томонидан тайёрлаб борилган саволларга жавоб топиб, турли китоблар билан тақдирланишди.

«Китобхонлар хайрияси»га олинган, гуруҳ иштирокчилари томонидан олиб борилган юзга яқин китоб мактаб кутубхонасига туҳфа қилинди.

Садоқат ХОЛМОНОВА,

гуруҳ бошқарувчиси.