ҚОРА КЎМИРНИНГ ҚОРА ИШЛАРИ
Қиш фасли ўзининг ўзгарувчан об-ҳавоси, изғиринли кунлари-ю кутилмаган инжиқликлари билан кишиларга бир қанча қийинчиликлар туғдириши табиий ҳолат. Шу боис аҳолининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини изга солиш мақсадида давлатимиз томонидан кенг кўламли тадбирлар режаси тузилиб, амалга оширилади. Хусусан, аҳолига кўмир ёқилғисини арзон нархларда етказиб бериш ҳам қаттиқ назорат остига олинган.
Бироқ аҳолига хизмат кўрсатиш учун масъул бўлган айрим мансабдор шахслар бугун олиб борилаётган одилона сиёсатнинг туб моҳиятини англаб етмай, ўз шахсий манфаатлари йўлида ҳар қандай қабиҳликларга қўл ураётганликлари ачинарлидир.
Ана шундай олғирлардан бири О.Т., ик-кинчиси Н.К. «Наманган кўмир етказувчи» УКнинг савдо шохобчаларидан бирида мансабдор шахс бўлиб ишлаганлар. Уларнинг ҳар иккиси айнан аҳолига кўмир етказиб беришда долзарб ҳисобланган ноябрь-февраль ойларида нафслари ҳакалак отди. Натижада оддий оилаларга кириб бориши лозим бўлган кўмир маҳсулотлари қинғир йўллар билан бозорга чиқариб юборилди. Истеъмол учун ажратилган 215,4 тонна (51 265 000 сўмлик) кўмир брикети О.Т. томонидан ўзлаштириб юборилган бўлса, 281,9 тонна (82 992 700 сўмлик) брикет кўмир Н.К. томонидан номаълум шахсларга нақд пулга сотиб юборилган.
Аммо «ғалвир сувдан кўтарилган» паллада қаҳрамонларимиз ўз кирдикорларини яшира олмадилар.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида атрофлича кўриб чиқилди. Судланувчилар О.Т. ва Н.К. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазога тортилдилар.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

