ЛОЛА

«… Гуллар боғидаги бир тош орқасидан япроқларини ёйиб, хандон очилган лола қадди-қоматини кўтарди.

Лола Наргизнинг садоқатли дўсти эди. У қип-қизил шоҳига ўралиб, ўз чиройини намоён қилар экан, битта-битта қадам ташлаб, ширин табассум билан унинг ёнига келди. Лолани барча гуллар кутиб олди. Уларнинг ҳурматидан Лола ақли расолиги ва самимийлиги билан, садоқати ва илтифоти билан, ширинлиги ва гўзаллиги билан дўстлари ва дугоналарининг чин севгисига сазовор бўлгани сезилиб турар эди.

Лоланинг катта-катта чиройли кўзлари ўтдай чақнайди, қалин қошлари ўсма қўйгандай пайваста, ипак киприклари чиройли кўзларини яшириб турар эди. Унинг узун бўйи ўз жамолига ярашиб турибди. У ўз оти билан Лола: кўйлаги ҳам, нимчаси ҳам, бошидаги шинам телпаги ҳам, хуллас, кийимларининг ҳаммаси тўқ қизил шоҳидан. Фақат енгларидагина, қулоқларидаги сирғаларидагина, бўйнидаги маржонларидагина япроқларни эслатувчи кўм-кўк ҳошиялар кўринади, холос…»

Шароф Рашидовнинг «Кашмир қўшиғи» асаридан келтирилган ушбу сатрларни ўқиб, таъсирланмаган китобхон  бўлмаса керак.

Лола – жуда гўзал ва нозиккина. Табиатнинг бу мўъжизасидан барчамиз баҳрамандмиз. У эрта баҳорда қир-адирларда очилиб, барчага гўзаллик бахш этади. У баҳорнинг ёноқларига ўхшайди, гўё унинг ҳар бир япроқлари баҳор юзидаги гўзаллик ва эзгулик томчиларидир. Лола япроқларида билинар-билинмас қора доғлар бор. Аммо бу доғларни қип-қизил япроқлари тўсиб туради. Агар қаттиқ шамол бўлгудек бўлса, лоланинг нафис япроқлари нозик новдасини тарк этади. Гўё бу нозик хилқат ҳам «Кашмир қўшиғи»дагидай ёвуз бўронни кўтара олмаганидек. Агар майин шамол эсса, бу гўзал хилқат у ёқдан бу ёққа эркаланиб тебранади. Худди табиат унинг юзларидан силаб-сийпаб аллалаётгандек.

Агар яқин инсонларингизга лола совға қилмоқчи бўлсангиз, уни ўзи севган табиат қўйнидан юлиб олиб эмас, балки совға бермоқчи бўлган инсонингиз билан баҳорнинг қалби бўлган қир-адирлардаги лолазорларга йўл олинг!

Мавжуда ҒАФФОРОВА,

Ғайрат педагогика коллежининг 3-босқич ўқувчиси.