ФАОЛИЯТГА БИР ЙИЛ

Маълумки, 2018 йил 13 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5415-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон адлия органлари фаолияти тарихида туб бурилиш ясаб, ўзининг бир қатор жиҳатлари билан ажралиб туради. Хусусан, Адлия вазирлигининг туман (шаҳар) маъмурий-ҳудудий бирликларида адлия бўлимлари ташкил этилди.

Адлия бўлимлари фаолиятини вилоятимиз мисолида кўрадиган бўлсак, бир қатор ижобий натижаларга эришилганлиги  кузатилади.

Хусусан, бўлимлар ташкил топгандан буён ҳуқуқий экспертиза йўналишида 50 га яқин қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, 8 та қарор лойиҳаси қайтарилди ҳамда 40 га яқин ҳоким қарори лойиҳасига ҳуқуқий хулосалар берилди. Шунингдек, 180 га яқин қарор бекор қилинди ҳамда амалдаги қонунчи-ликни такомиллаштиришга қаратилган 600 дан ортиқ таклиф ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда Адлия вазирлигига юборилди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ўтган бир йил мобайнида 2 мингдан ортиқ мурожаат иш юритувга келиб тушган бўлиб, улардан 1600 га яқини қаноатлантирилди ҳамда 400 га яқин мурожаатга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди ҳамда бугунги кунда мазкур соҳага устувор йўналиш сифатида қаралиб, «фуқаролар адлия идораларидан рози бўлиши керак» тамойили асосида халққа хизмат қилинмоқда. Ўтган бир йил давомида 1400 га яқин мурожаат кўриб чиқилиб, мингдан ортиқ мурожаат қаноатлантирилди ва 200 га яқин мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Адлия бўлимларининг асосий вазифаларидан бири бўлган ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг барқарорлиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш борасидаги ижобий натижалар алоҳида эътиборга молик. «Республика-вилоят-туман-маҳалла» принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида ҳам адлия бўлимлари томонидан тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.

Бу бўйича жорий йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксал-тириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, адлия бўлимлари томонидан жойларда манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғибот ишлари ташкил этилмоқда.

Умуман олганда, адлия бўлимлари фаолиятини сарҳисоб қилар эканмиз, келгусида бундан-да кўпроқ ишлаш, фаолият самарадорлигига эришиш талаб этилади, бунда асосий эътибор халқимизни рози қилиб фаолият кўрсатишга қаратилади.

Отабек РАҲИМОВ,

вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи.