ИСТЕЪДОДЛИ КИТОБХОНЛАР
Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурдилар. Ёшларда китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, айниқса, ибратлидир.
Яқинда «Энг истеъдодли китобхон» кўрик-танловининг туман босқичи Уйчи қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтди. Унда 8 та касб-ҳунар коллежидан 17 нафар китобхон қатнашди. Тадбир қизиқарли тортишувлар, мунозараларга бой бўлди. Танловда тақдим этилган матннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, шеър ўқиш, ўзлари танлаган китоб ҳақидаги билимлари бўйича савол-жавоб каби шартларда ўқувчиларнинг қай даражада билимга эга эканликлари аниқланди.
Танловда Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчилари Гўзалхон Абдувалиева, Комила Абдусатторовалар 1-, Ғайрат педагогика коллежи ўқувчилари Моҳларойим Мирзаева, Умида Мирзапўлатовалар 2-, Уйчи спорт коллежи ўқувчилари Нигора Исоқжонова, Дилдора Эргашбоевалар 3-ўринларни эгаллашди.
Тадбир якунида ҳар бир иштирокчи Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Дилором ТУРҒУНОВА,
Сайёра ТЎРАХОНОВА,
Уйчи спорт коллежи АКМ етакчи мутахассислари.

