УЙЧИЛИК ЁШЛАРНИНГ 21 НАФАРИ СОВРИНДОРЛАР САФИДА

20-21 апрель кунлари 1-болалар – ўсмирлар спорт мактабида белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг 2019 йилги мусобақалар календарь режасига мувофиқ белбоғли кураш спорт тури бўйича 1999-2000 йилларда туғилган ёшлар ва қизлар ўртасида бўлиб ўтган мазкур чемпионатга туманда пухта ва юксак уюшқоқлик билан тайёргарлик кўрилди. Бу мусобақанинг тантанали очилиш маросимида ҳам ёрқин намоён бўлди.

Тантанали маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари, мусобақа ташкилий қўмитаси раиси Пахриддин Маткаримов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастировлар самимий тилаклар билдириб, мусобақа иштирокчиларига омад тиладилар. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Бахтиёр Турғунпўлатов мураббийлигидаги белбоғли кураш тўгараги аъзолари кўргазмали чиқишлар намойиш қилишди.

Маросим давомида белбоғли кураш спорт турини янада оммавийлаштириш ва ривожлантиришдаги ҳиссаси учун ташкилотчилардан бир гуруҳига Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг «Ташаккурнома»лари топширилди.

Туман маданият бўлими «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандаси Комилжон Неъматов ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи қўшиқ барчага хушнудлик бағишлади.

Мазкур чемпионатда белбоғли кураш ва белбоғли курашнинг эркин йўналишида қизлар ўртасида еттита вазн (48 кг.дан 76 кг.гача), ўғил болалар ўртасида тўққизта вазн (50 кг.дан 100 кг.гача) тоифасида икки юз элликка яқин спортчи ғолиблик учун курашди. Якунга кўра, Наманган вилояти вакилларидан 39 нафари (шундан 11 та олтин, 8 та кумуш, 20 та бронза медали) ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олгани қувонарлидир. Эътиборли томони, бу совриндорлар сафида уйчилик ёшларнинг 21 нафари (7 та олтин, 5 та кумуш, 9 та бронза медали) борлигидир. Жасурбек Исмоилов, Сардорбек Мадаминов, Зебо Носирова, Умиджон Мирзаабдуллаев, Исломбек Маҳмудов, Мухтор Аҳмаджонов, Достон Сотиволдиев каби ёшларимиз ўз вазн тоифаларида чемпион бўлишди.

Ўзбекистон чемпионати якунида туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов сўзга чиқди.

ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Умиджон СУЛТОНОВ.