ЁШЛАР КАМОЛОТИ ЙЎЛИДА

Яқинда Наманган вилоят телевидениеси ижодий жамоаси коллежимизга ташриф буюриб, улар томонидан китобхон ўқувчилар билан давра суҳбати тасвирга олинди.

Китоб – инсоният яратган энг улуғ мўъжиза эканлиги, ҳозирги кунда китобнинг қадри, мутолаанинг аҳамияти ҳар доимгидан баланд эканлиги тўғрисида фикрлар айтилди. Ўқувчилар она-Ватан ҳақидаги шеърлардан ёд айтиб, ўқиган асарлари юзасидан мулоҳазаларини ўртоқлашдилар. Давра суҳбати ёшларда катта таассурот қолдирди.

Ҳафта сўнгида ўқувчиларни дипломолди амалиётига чиқишлари олдидан эрталабки сафланишда «Келажак бизники, марра бизники» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Тадбир ноанъанавий тарзда  ташкил қилинди ва  барчага манзур бўлди, ёшларга кўтаринкилик, куч-қувват ва шижоат бахш этди. Кечада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Анваржон Атақўзиев, туман маданият бўлими хонандалари Комилжон Неъматов, Авазбек Насриддиновлар қатнашдилар. Ўқувчилар томонидан айтилган Ватан ҳақидаги шеърлар, 1-мактаб ўқувчиси Л.Лутфиллаеванинг дилтортар оҳанглари, бадиий гимнастика тўгараги жажжи қатнашчиларининг чиқишлари барчани хушнуд этди.

Маҳмуда ХАЛИЛОВА,

Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи АРМ раҳбари.