ҲАМКОРЛИК ТИЗИМИ ЯРАТИЛДИ

Маълумки, шу йил 2 апрелда «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5700-сонли Фармон қабул қилинди. Фармонда маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар йиғинлари ишини ташкил этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш, соҳага малакали, бой ҳаётий тажрибага эга ва фидойи кадрларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича «Маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла» принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилингани ҳам бежиз эмас.

Фуқаролар йиғинлари раислари ҳар чоракда ўз маҳалласи ҳудудидаги долзарб муаммолар тўғрисидаги маълумотларни секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналарига тақдим этиб борадилар, энг долзарб муаммолар секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналари томонидан тегишли дастурларда инобатга олиш учун тавсия этилади, фуқаролар йиғинлари раислари мунтазам равишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудга бириктирилган масъул ходимлари, сектор штаби аъзолари, йўл қурилиш, электр, газ, сув, канализация, коммунал ва ижтимоий соҳа вакилларининг ҳудудда амалга оширган ишлари натижаси юзасидан ёзма равишда секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналарига маълумот киритадилар.

Ўз навбатида Халқ қабулхоналари томонидан фуқаролар йиғинлари раисларининг маълумотларида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотларга тақдимномалар, шунингдек, уларнинг юқори турувчи ташкилотларига мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш масаласи кўриб чиқилади.

Х.ТЎЙЧИБАЕВ,

туман Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси.