МУНОСИБЛАР САЙЛАНМОҚДА
Шу кунларда туманимиздаги маҳаллаларда маҳалла фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтмоқда. Туманимизда сайловнинг дастлабкиси 1 май куни Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида бўлди. Бу ерга Гулзор маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи вакиллар тўпландилар. Маҳаллада сайлаш ҳуқуқига эга бўлган 3168 нафар фуқародан 264 нафар вакил сайланган бўлиб, шу кунги сайловда улардан 186 нафари иштирок этди. Сайлов аввалида туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов сўзга чиқиб, маҳалла фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли) сайлови очиқ, ошкора ва демократик руҳда ташкил этилаётганлигини таъкидлади, муносиб номзодлар сайланиши учун вакилларни фаол бўлишга чақирди. Сайловни ишчи гуруҳи раиси Комилжон Маматкаримов очди ва бошқариб борди. Дастлаб раёсат, саноқ комиссияси аъзолари, котиб сайлаб олинди. Гулзор МФЙ раислигига номзоди кўрсатилган Мухторжон Мўйдинов ҳамда Малика Тожибоеваларнинг таржимаи ҳоли таништирилди. Шундан сўнг номзодлар уч йиллик дастурларини эълон қилишди. Қонунда белгиланган тартибга кўра овоз бериш яширин тарзда амалга оширилди. Бунинг учун шу ернинг ўзига овоз бериш кабинаси, сайлов қутиси жойлаштирилди. Ҳар бир вакилга бюллетень тарқатилди. Сайлов жараёнини вакиллар бевосита кузатиб туришди. Овоз бериш тугагандан сўнг, саноқ комиссияси ахбороти эшитилди. Якунга кўра энг кўп овоз билан Мухторжон Мўйдинов сайлангани эълон қилинди. -Ушбу сайлов жараёни кўргазмали ва намунали тарзда бошқа ишчи гуруҳи раислари, туман кўмаклашувчи комиссия аъзолари эътиборига ҳам ҳавола қилинди, -дейди фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси раиси Фаридахон Отахонова. -Мақсад – барча маҳаллалардаги сайлов қонун талаблари ва адолатли тарзда ўтишини таъминлаш. 2 май куни худди шундай сайлов Гулбоғ ҳамда Ғайрат МФЙларида ҳам ўтказилди. Унда энг кўп овоз билан Олимжон Каримов Гулбоғ МФЙ, Зулхумор Ҳусанова Ғайрат МФЙ раислигига сайландилар. -Туманимиздаги мавжуд 56 та МФЙда бўлиб ўтадиган сайловни 16 май куни якунлаш режалаштирилган, -дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Ғанишер Жўраев. -Ишчи гуруҳлари томонидан раисликка 184 нафар номзод кўрсатилган бўлиб, туман ҳокими билан келишган ҳолда муносиб номзодлар тавсияси берилмоқда. Сайловдан беш кун аввал номзодлар ҳақидаги маълумотлар расмий веб-сайтга жойлаштириляпти ҳамда фуқаролар йиғини биноси, гузарларга осиб қўйиляпти. Ошкоралик руҳида ўтаётган сайловда вакиллар жонбозлик кўрсатишаётгани ва бу жараёнларга бефарқ эмасликлари эътиборлидир.
Умиджон СУЛТОНОВ,
Олимжон ЖАКБАРОВ.

