ЖАНГГОҲЛАРДА ТОБЛАНГАН

Ҳар бир халқ тарихида унинг фарзандлари учун синов, тобланиш даврлари бўлади. Жаҳоннинг кўплаб халқлари қатори бизким, ўзбеклар учун иккинчи жаҳон уруши ана шундай давр бўлган. Уруш гарчи олисда бўлган эсада, унинг жабри, оғирликлари, йўқотишлари бошқалардан кам бўлмаган. Халқимиз қанчадан-қанча асл фарзандларини бой берди, кўплаб марди майдон йигитлар ғалаба билан қайтиб, яна эл-юрт ишига камарбаста бўлдилар. Шулардан бири туманимизнинг Гулбоғ маҳалласида истиқомат қилувчи Аҳмаджон ота Мамадалиевдир. Мен бу табаррук инсон билан колхозда ўн-ўн беш йил бирга ишлаганим боис жанговар ҳаёт йўлларидан яхши хабардорман.

Аҳмаджон ота 1924 йил деҳқон оиласида туғилган. Оилада тўққиз фарзанд бўлиб, қимматчилик даврларини бошдан кечиришган. 4-синфгача ўқиб, хат-савод чиқаргач, оталари ёнига кириб, янги тузилган жамоа хўжалигида кетмончи бўлиб ишлаганлар.

1941 йил машъум уруш бошлангач, 17 ёшларида акалари Толиббой ота билан фронтга отландилар. Куйбишев шаҳрида қисқа тайёргарликдан сўнг 55-ўқчи полкнинг автоматчилар қисмида жанг қилдилар.

1943 йил Смоленск шаҳрини озод этиш учун бўлган жангда оғир ярадор бўлиб, Москвада даволангач, фронт ортида тиклаш ишларини олиб борувчи ишчи батальонида Руминия, Венгрия, Чехословакия давлатларида уруш асоратларини тугатиш ишларида иштирок этдилар. Ғалабани Чехословакияда кутиб олган отахон 1945 йил декабрда она юртга қайтиб келди.

Туман машина-трактор станциясида очилган тракторчилар тайёрлаш курсида ўқиб, колхозда трактор ҳайдади.

Жароҳатлар асорати туфайли тракторни ташлаб, колхозда турли ишлар билан шуғулланди.

Турмуш ўртоқлари Ҳафизахон ая билан бахтли, тотув оила қуриб, ўн нафар фарзандни эл-юрт корига ярайдиган меҳнаткаш, ҳалол инсонлар қилиб тарбияладилар. Айни кунларда бу табаррук отахон невара, чеваралар оғушида бахти бекам инсон бўлиб, умргузаронлик қилмоқдалар.

Аҳмаджон отанинг жаҳон халқларини фашизм балосидан озод этиш, урушдан кейинги тикланиш даврларидаги қаҳрамонларча босиб ўтган шарафли йўллари ҳозирги давр ёшлари учун ғоят ибратлидир.

Отанинг кўксиларини ҳукуматнинг кўплаб мукофотлари безаб турибди. Президентимизнинг қилаётган ғамхўрликларидан беҳад миннатдорлар. 2017 йил фарзандлари билан қилинган имтиёзли Ҳаж сафаридан бошлари кўкка етган. Халқимизни дуо қилиб, шукроналикда яшаяптилар.

Ўринбой МЎМИНОВ.