ҲАММА ШАРОИТЛАР МУҲАЙЁ

3-мактабгача таълим муассасаси 1936 йилда қурилган бўлиб, 50 ўринга мўлжалланган эди. Эски, пастқам бино ва қоронғи хоналарда машғулотлар ўтиш учун шароит  йўқ эди ҳисоб. Бугун бу муассасага ташриф буюрган киши гўё эртаклар оламига келиб қолгандай ҳис этади ўзини. Бу ерда Улуғбек Ҳожимирзаев раҳбарлигидаги «Файзиобод само сервис» қурилиш фирмаси қурувчилари 2 млрд. 300 минг сўмлик бунёдкорлик ишларини амалга оширдилар.

-100 ўринга мўлжалланган муассасада болаларнинг соғлом, эркин фикрлаб, яйраб ўйнашлари учун ҳамма шароитлар муҳайё, -дейди туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаева. -Таълим-тарбияни бинога киришдан тортиб гуруҳ хонасигача бўлган масофадан бошлаймиз. Ҳаттоки зинапояларга ҳам рақамлар ёзилган. Бола нафақат эркин фикрлаши, ўзини ўз уйидагидек ҳис этиши учун гуруҳ хоналарида машғулот ўтишдан тортиб овқатланиш, ётоқхоналар мужассам ҳолатда жиҳозланган. Ўйин, табиат бурчаклари ташкил этилган. Айниқса, тарбиячиларимизнинг ташландиқ материаллардан қўл меҳнати билан тайёрланган кўргазмаларига ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз.

Муассаса биносининг фойдаланишга топширилиши хўжаободликларнинг қувончига қувонч қўшди. Туман ҳокимининг ўринбосари Мухторжон Бобожонов, таниқли актёр ва режиссёр Исамат Эргашев, шоира Дилбар Ҳайдарованинг самимий тилакларидан сўнг муассаса хоналарига ташриф буюрилди, яратилган шарт-шароитлардан маҳалла оқсоқоллари ҳам беҳад мамнун бўлиб, дуолар қилишди.

34-МТМ жажжиларининг кўнгилочар дастурлари барчага манзур бўлди.