«БЕШ ТАШАББУС – БЕШ ИМКОН!»

Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши ташаббуси билан туман ҳокимлиги, туман партия кенгашининг «Истиқбол» ёшлар қаноти, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси билан ҳамкорликда «Эзгу ғоядан – эзгу мақсад сари!» шиори остида, «Беш ташаббус – беш имкон!» номли ёшлар форуми ўтказилди.

«Мустақиллик» боғида бўлиб ўтган мазкур форумдан кўзланган мақсад – ёшлар фаоллигини ошириш, интилишлар майдонини кенгайтириш, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус асосида амалиётга жорий этилаётган янгича интилишлар самарадорлигига эришишдан иборат бўлди.

Ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга ҳамда истеъдодини юзага чиқаришига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган «Истеъдод» шоусида ташаббускор ёшлардан шакллантирилган бадиий жамоаларнинг дастурлари намойиш қилинди.

«Фантазинг» усулидаги рангтасвир бўйича ёшларнинг ижодий ишлари кўргазмаси ва сотуви шоунинг ўзига хослигини таъминлади.

Футбол, шахмат-шашка, белбоғли кураш каби спорт мусобақалари уюшмаган ёшларнинг ҳам спорт соҳасидаги имкониятларини аниқлаб берди. Футбол бўйича маҳаллалардаги ёшлардан иборат «Омад-38», «Пахтакор», «Dream neam», «Real» жамоалари беллашувида «Омад-38» жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

Ёшларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишлари учун «WI FI room» имкониятидан фойдаланиш мусобақасида туман «Баркамол авлод» болалар маркази директори Ўктамхон Атавалиева ғолиб бўлди.

Китобхонлик тарғиботи бўйича депутатлар, фаол партия етакчилари кўмагида янги бадиий адабиётлар билан тўлдирилган «Book room» танловида туман АРМ раҳбари Жамила Пўлатова, «Энг ёш китобхон» номинацияси бўйича эса 36-мактаб ўқувчиси Покиза Аҳмаджонова ғолиб деб топилдилар.

Форум доирасида туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда аёллар «Меҳнат ярмаркаси» ташкил этилди. Унда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Умрбек Бектемиров, партия вилоят кенгаши раиси Равшан Абдуллаев, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, депутатлар ва партия тарғиботчилари иштирок этган форум якунида бир гуруҳ фаоллар тақдирланди. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Гулшода Абдулҳамидова ижро этган дилбар қўшиқлар иштирокчиларга завқ улашди. Форум давомида партия аъзолигига қабул қилинган ёшларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Дилмурод АБДИҚАҲАРОВ,

ЎзХДП туман кенгашининг депутатлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ижрочи котиби.