НАФОСАТ ЯРАТУВЧИЛАР
Бетакрор Наманганимизга «Гуллар шаҳри», дея таъриф беришади. Бундай номга жаҳонда бармоқ билан санарлигина шаҳарлар сазовор бўлган. Улар орасида шаҳримизнинг ҳам зикр этилиши вилоятимиз аҳлига чексиз ғурур ва ифтихордир.
Албатта, ушбу таърифга муносиб бўлишнинг ўзи мураккаб. Гўзаллик, нафосат ва латофатни тараннум этувчи, ўзида эзгулик, поклик ва беғуборликни жамлаган гул, ўз навбатида, юксак меҳр, парвариш ва эътиборни, унинг ортидан эса катта машаққат ва заҳматни талаб этади. Ушбу фазилатларни, хусусиятларни ўзида жамлаган гулчилар меҳнати эса доимо эъзоз-эҳтиромга лойиқ.
Усмоновлар оиласи гулчилик билан бир неча ўн йиллардан бери шуғулланиб келади. Хонадон соҳиби Абдурашид ака Исломобод маҳалласининг «Шинам» кўчасидаги 35 сотихли ерни деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун олиб, у ерда турли ноёб гулларни парваришлашга астойдил киришди. Бугун томорқанинг тенг ярмида ёз ва қиш мавсумида гул парваришлаш учун шароит мавжуд.
-Гулчилик бизга бобо мерос, -дейди Абдурашид аканинг турмуш ўртоғи Насибахон Усмонова. -Бундан роппа-роса эллик йил муқаддам бобом Абдукарим Қосимов, кейинчалик отам Раҳимжон Каримов бу иш билан шуғулланиб келишган. Ҳозирда учинчи авлод, яъни мен, синглим Ҳалимахон, жияним Маъруфжонлар сулола анъанасини баҳоли қудрат давом эттирмоқдамиз.
Гулчиларнинг таъкидлашича, бугунга келиб гуллар сони 10 мингдан ошган. Ҳозирда янги навлардан магнолия, лола дарахтлари, Грузиядан келтирилган ноёб уруғлар, зайтун, киви кўчатларини ўстиришга эътибор қаратилган.
Уста гулчиларимизни вилоят, республика миқёсида кўпчилик танийди. Ҳар йили Наманган шаҳридаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтадиган «Гул байрами» тантанаси уларни водий миқёсида танитган. Андижон, Фарғона, Марғилон, Қўқон каби йирик шаҳарлардаги гулчилар билан тажриба алмашиш одат тусига кирган.
Жорий йил 26 майдан 1 июнгача бўлиб ўтадиган навбатдаги 59-анъанавий «Гул байрами» нафосат яратувчи қаҳрамонларимиз учун катта тажриба майдони ва улкан имкониятлар эшигини очиб беради. Биз уларга ушбу сайлда кўзлаган барча эзгу мақсадларининг ижобатини тилаб қоламиз.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

