ОШКОР БЎЛГАН ЎҒРИЛИК

«Кўр-кўрни қоронғида топади», -деб бежиз айтишмаган. Ҳамтовоқлар Д.Ш. ва Т.Б. сартарошхонада бирга ўтириб қолиб, танишишганди. Тез орада иккиси сирдошга айланди. Янги йил байрами арафасида ҳамкорликда бизнес қилиш режасини тузишди. Лекин олиб келинган товарлар савдоси кутилган натижани бермади. Зарарни қоплашнинг энг мақбул кўринган варианти – ўғрилик қилишни Д.Ш. ўртага ташлади. Т.Б. бу фикрни маъқуллади. Тун ярмидан оққанда, компьютер воситаларини таъмирлаш устахонаси шерикларнинг нишонига айланди. Эшик қулфини осонгина бузиб кирган ўғрилар у ердан 12 млн. сўмлик товарларни олиб чиқишди.

Бу билан қаноатланмаган жиноятчилар ўзларига таниш тадбиркорнинг савдо дўконини кўз остларига олишди. У ердан 1550 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ўмариб чиқишди.  Бамайлихотир уйга тарқалган шерикларнинг қилмишлари шу тонгнинг ўзидаёқ ИИБ ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари туфайли фош бўлди. Энди уларнинг ҳар иккиси содир этган жиноий хатти-ҳаракати учун қонун  олдида жавоб беради.

К.УБАЙДУЛЛАЕВ,

туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси, майор.