ОҚИБАТСИЗ ҲАМҚИШЛОҚЛАР МАШМАШАСИ

Жиноят ишлари бўйича туман судида кўрилган жиноий иш билан танишиб, ё куйишингни, ё кулишингни билмайсан, киши. Айбланувчилар У.Х., М.Т., П.О.лар бир маҳаллада ўсиб-улғайган ҳамқишлоқлар. Уларнинг талашиб-тортишадиган ғўр ёшликлари ортда қолган, оқибат ҳақида бош қотирадиган ёшда бўлишларига қарамай, қилиб юрган номаъқулчиликлари бутун Бўстон маҳалласига овоза бўлди. Хуллас, бу учовлон йўқ жойдан жанжал ясаб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай иш кўришди. Бир тараф бўлиб олган У.Х. ва М.Т. П.О.ни орага олиб дўппослашди. Аламига чидамаган П.О. уйидан пичоқ кўтариб чиқиб, муштумзўрлар сари ташланди. Унинг ҳам «ҳамласи» зое кетмади. Шериклардан бирини қўлидан жароҳатлади.

Ҳамқишлоқлар суднинг қора курсисига олиб келинганда, бошлари хам бўлди. Ўзаро узр-маъзур қилиб, ярашишга ҳам куч топишди. Бироқ «ғишт қолипдан кўчиб бўлгач», буларнинг бари бефойда. Суд ушбу ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқиб, судланувчиларнинг айбларига яраша Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг турли моддалари билан тегишли жазо тайинлади.

Ж.МАМУРОВ,

жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.