ТУМАН БИРИНЧИЛИГИ
12-мактабда 1-болалар ва ўс-мирлар спорт мактабининг белбоғли кураш тўгараги фаолияти йўлга қўйилганига унчалик кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо қисқа вақт ичида бу ерда белбоғли кураш спорт турига бўлган қизиқиш ошди. Мактабда Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб уюштирилган туман биринчилигида ҳам бу яққол намоён бўлди.
Мусобақанинг очилиш маросимида мактаб директори, туман Кенгаши депутати Гавҳарой Ҳакимова, 1-БЎСМ директори Акмалжон Маҳ-камов самимий тилаклар билдириб, мактабда кўп йиллар жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган Раҳимжон Ҳакимов ҳақидаги хотираларни ёдга олишди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Мураббий Жамшидбек Эгамов мусобақа уюштирилишига катта ҳисса қўшган ташкилотчиларга «Ташаккурнома» ҳамда устози, мураббий Бахтиёр Турғунпўлатовга эсдалик совғасини топширди.
Шу куни беллашувлар қизғин тус олди. Туманимиз мактабларидан келган 24 килограммдан 66 килограммгача вазнда бўлган икки юз нафар ёш ўзаро куч синашди. Якунда ғолиблар туман ҳокимлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар. Жумладан, Илёсбек Ҳамидбоев, Ҳусанбой Урайимов, Аббос Аҳмаджонов, Шоҳжаҳон Икромжонов, Муҳаммадрасул Муҳаммаджонов, Жамолиддин Неъматиллаев, Асадбек Маматалиев, Абдулаҳад Носиров, Жавоҳир Абдуллажонов (26-мактаб), Санжар Холмирзаев, Ҳусанбой Банноев (40-мактаб), Ҳасанбой Воҳобжонов (6-мактаб), Орифжон Жўраев(38-мактаб)лар фахрли 1-ўринни қўлга киритишди. Умумжамоа ҳисобида 26-мактаб 1-, 40-, 12-мактаблар жамоалари 2-, 3-ўринларни эгаллашди.

