ҲАЛОКАТ БОТҚОҒИ
Сўнгги йиллар давомида гиёҳвандлик инсоният учун ечиб бўлмас муаммога айланди. Мутахассислар таъкидича, бу бало тобора кўпроқ одамларни ўз домига тортаётир. Гиёҳванд моддаларга ружу қўйганларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Дунёни ўзгартириб юборган илм-фан заҳри қотил турларининг ортишига ҳам сабаб бўлмоқда. Жумладан, амфетамин ва лизергид типидаги синтетик наркотиклар тобора «оммалашяпти». Гиёҳванд моддалар инсонни сархуш этиб, унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Бу моддаларни бир неча марта истеъмол қилган киши унга ўрганади, аниқроғи, усиз яшай олмайдиган даражага тушиб қолади. Тўғри, мазкур «одат»дан воз кечиш мумкин. Аммо бунинг учун кучли ирода ва узоқ вақт оғриғу азобларга чидашга тўғри келади. Энг хавфлиси, гиёҳванд моддаларга кўникиб қолган инсон заҳри қотилга эҳтиёж пайдо бўлганида ўзини унутади. Ҳеч иккиланмасдан жиноятга қўл уради. Унинг учун қадриятлар аҳамиятини йўқотади. Бу эса руҳий ва жисмоний тубанлашувга олиб келади. Ачинарлиси, гиёҳванд ёлғиз ўзига зарар етказмайди. Биринчи навбатда унинг теварагидагилар жабр кўради. Бундайлар сафининг кенгайиши жамият инқирозига сабаб бўлади. Шу ўринда, республикамизда гиёҳванд моддаларни етиштириш, тарқатиш, сотиш, олиб ўтиш билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга қаратилган кураш кучайтирилмоқда.
Хусусан, туманимизда ҳам гиёҳвандликка қарши тарғибот тадбирлари мунтазам уюштирилиб, бу йўналишдаги жиноятлар илдизини қирқишнинг самарали чоралари кўриляпти.
Албатта, гиёҳвандлик билан аёвсиз курашишимиз керак. Ушбу қабиҳ иллатнинг олдини олишнинг асосий мезони соғлом турмуш тарзини жорий қилиш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида унинг зарарли оқибатларини кенг тарғиб этишдир.
Ваҳобжон АСРАБОЕВ,
туман ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили, капитан.

