ИҚТИДОРЛИЛАР РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ
Мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, педагог кадрларнинг билим салоҳиятини ошириш ҳамда ўқувчи-ёшларга ҳар томонлама чуқур билим бериш борасида муайян ишлар амалга ошириляпти. Бу борада қабул қилинаётган қарор ва фармонлар эса соҳа фаолиятида ўзига хос дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўқувчи-ёшлар ўртасида ташкил этилаётган турли танлов ва беллашувлардан кўзланган мақсад уларнинг ақл-заковатларини янада бойитиш, жамиятда муносиб ўрин топишлари ҳамда истиқболли касб эгалари бўлишларига замин яратади.
Туманимиздаги мавжуд 44 та умумий ўрта таълим мактабида 35 минг 500 нафардан зиёд ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Айниқса, ўқувчи-ёшларнинг касб-ҳунарга, илм-фан ва спортга бўлган қизиқиши ҳамда иштиёқини янада ошириш муҳим вазифалардан бири.
13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида уюштирилган туман миқёсида ўтказилган «Билимлар беллашуви» ғолибларини тақдирлаш маросимида сўз олганлар ҳам айнан шу мавзуда фикр-мулоҳаза билдирдилар. Шундан сўнг 2018-2019 ўқув йилида бўлиб ўтган «Билимлар беллашуви» ғолиблари, устоз-мураббийлар ҳамда ота-оналар диплом, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Тадбирда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, туман ХТБ мудири Шуҳратжон Муродовлар иштирок этишди.
Аброр ТОШМАТОВ.

