КИТОБ ТАҚДИМОТИ
Билим масканимизда ёшлар ўртасида китобxонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар, тақдимотлар ўтказиш анъанага айланди. Мактабимиз кутубхонасида «Китоб ҳафталиги» доирасида 2-синф ўқувчилари иштирокида Худойберди Тўхтабоевнинг «Ширин қовунлар мамлакати» асари ва «Пешонасига телевизор ёпишган боланинг саргузаштлари» қиссалари юзасидан тақдимот ўтказилди. Шундан сўнг кутубхоначилар Ш.Юсупова, М.Бадаловалар томонидан мактаб кутубхонасига ҳомийлар томонидан янги келтирилган 481 номдаги адабиёт тақдимоти бўлди. Муҳтарам Юртбошимиз ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан китоблар автокарвони орқали 36 номда ўзбек ҳамда чет эл адабиёти намояндаларининг энг сара асарлари совға қилинганлиги алоҳида таъкидланди. Тақдимотда 2-«Б» синф ўқувчиларининг «Ширин қовунлар мамлакати» асари асосида тайёрлаган саҳна кўриниши барчага манзур бўлди. 2-«В» синф ўқувчилари эса «Пешонасига телевизор ёпишган боланинг саргузаштлари» қиссаси юзасидан кўргазма тайёрлашди. Бу тадбирлар болаларда китобга, китоб ўқишга бўлган меҳрни янада оширди.
Шоҳистахон ХАЙРИЕВА,
Умида АДАШАЛИЕВА,
33-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчилари.

