ҲАЛОЛ МЕҲНАТ ЭЪТИРОФИ
Шифокор маҳалласида истиқомат қилувчи намунали оила соҳиби Турсунпўлат Абдуғаппоровнинг «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳақидаги хушхабар бир зумда тарқалди. Оила аъзолари қувончининг чеки йўқ. Фарзандларининг таҳририятимизга йўллаган номаларида шундай сатрлар бор: «Отамиз кўп йиллар давомида тумандаги қатор жамоа хўжаликларида турли лавозимларда фаолият юритдилар. Оддий миробликдан директор, раис лавозимигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтдилар. Ақлимизни танибмизки, уларнинг ҳар куни уйдан шошиб чиқиб кетганлари, тунда чарчаб, ташвишлар билан қайтганларини кўрганмиз. Ҳатто пахта йиғим-терими даврида дийдорларига тўёлмасдик. Ёш эканмиз, «Мунча дадам кеч келадилар? Уларни бундай ишлаганларини ким ҳам биларди?» -деган ўйда юрардик. Энди билдик, юртимизда сидқидилдан меҳнат қилган инсон эътиборсиз қолмас экан. Отажоним бизга доим: «Болаларим, сиз шундай яшанг-ки, қилган ишингиздан ўзингизни ҳам, фарзандларингизни ҳам юзи ерга қарамасин. Ҳамма нарсанинг жавоби бор. Ҳалолидан қўймасин», -дердилар. Мана, қилган меҳнатларининг самарасини кўриб турибмиз. Отажонимизнинг бу ютуқларида онажонимизнинг ҳам хизматлари катта. Шундай инсонларнинг фарзанди бўлганимиздан фахрланамиз».
Турсунпўлат ака хонадонига ташриф буюрувчилар, табриклашга келувчилар оқими тинмади. Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, Шифокор МФЙ раиси Файзулло Халилов, Ўзбекистон МТДП туман кенгаши раиси Бахтиёр Эгамов самимий тилаклар билдиришди.
-Абдуғаппоровлар оиласи намунали оилалардан, -дейди 1-мактаб директори Насибахон Ақилова. -Бир эмас икки қизлари – Рислиғой ва Фотима мактабимизда ўқитувчи, Фароғат 26-мактабда АРМ ходими, Баҳромжон, Акрамжон, Ҳусанбойлар ҳам турли жабҳада фидокорона меҳнат қилишмоқда. Бунда Турсунпўлат ака ва Марямхон аянинг хизматлари катта.
Ёқутхон Йўлдошева билим бераётган 1-мактабнинг 3-«Б» синф ўқувчилари Турсунпўлат ака хонадонига ташриф буюриб, шеърлар айтишди, қўшиқлар куйлашди. Табаррук етмиш саккиз ёшни қаршилаган отахон қувонганидан, меҳнатларининг роҳатини кўраётганидан шукроналар айтиб, барчага миннатдорчилик билдирди.
Муҳаммад АЛИ.

