Азизлар

Руҳият тонгининг қуёши китоб,

Ақлингни ёритгай мисоли офтоб.

Аслида толибга керакмас хитоб,

Кўнгилни китобга боғланг, азизлар!

Китоб ўқиш кўнгил ёзишдир асли,

Англаш ҳам илмдир, ҳатто бир хасни.

Ибодат деб билинг, ҳар хуш нафасни,

Кўнгилни китобга боғланг, азизлар!

Билимни ёшликдан англамоқ керак,

Меҳнат майдонида қайнамоқ керак,

Ютиш учун аввал чайнамоқ керак,

Кўнгилни китобга боғланг, азизлар!

Қўлингизга олиб «Ўткан кунлар»ни

Бир ўйланг китобсиз ўтган тунларни,

Усти юпун, фикри бус-бутунларни,

Кўнгилни китобга боғланг, азизлар!

Зиён етказмасин пушаймон доғи,

Токи яшнаб турсин маърифат боғи,

Келажакка йўлдир ўтмиш сабоғи,

Кўнгилни китобга боғланг, азизлар!

«Ҳамса»ни авайланг, эъзозланг «Уфқ»ни,

«Ҳайратул-аброр»дан ўрганинг хулқни,

«Нафис мажлислар»да ўргатинг хулқни,

Кўнгилни китобга боғланг, азизлар!

Умрингиз ўтмасин беҳуда, бекор,

Илмдир мақсадга метин пойдевор,

Айтинг, қай миллатда бор «Олтин девор»?

Кўнгилни китобга боғланг, азизлар!

Китобсиз онг қани, тафаккур қани?

Унингсиз бормикин сўзларда маъни?

Ўқимоқ, бу – бани башарнинг шаъни,

Кўнгилни китобга боғланг, азизлар!

Болари бол учун қўнади гулга,

Китоблар йўғрилган зиёга, нурга,

Қанот бағишлайди у тафаккурга,

Парвоз учун ўзни чоғланг, азизлар,

Кўнгилни китобга боғланг, азизлар!

Дилноза АЗИЗОВА.