БИЙРОН БОЛАЖОНЛАР МАСКАНИ

Мактабгача таълим муассасаларига кўрсатилаётган эътибор, имконият ва шарт-шароитлар бугун тамоман бошқача. Давр талабидан келиб чиқиб, бу муассасаларда ишлаётганларнинг ҳам фикрлаши, муносабати буткул ўзгарган. Баркамол авлодни тарбиялаш йўлида имконият қидириб, изланиб ишлаётган фидойи тарбиячилар сафи кенгайиб бормоқда.

41-мактабгача таълим ташкилоти бугун биз тасаввур қилаётган муассасалар даражасига етганича йўқ. Сабаби, дастур доирасида бу ерда қилинадиган бир қатор ишлар бор, замонавий шарт-шароитларни яратиш кўзда тутилган. Шундай бўлса-да, Эътиборхон Шамсиддинова раҳбарлигидаги жамоа изланиб, ички имкониятларни ишга солиб, фаолият кўрсатмоқда. Жонсарак тарбиячилар болаларга меҳри, бор билими ва тажрибасидан келиб чиқиб, таълим-тарбия бермоқда.

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган  фаолият мисолида ҳам буни кўриш мумкин. Тарбиячи Насибахон Ҳамидова, Саидахон Ҳамидовалар ҳафтанинг ҳар чоршанба кунида компьютер саводхонлиги бўйича машғулотлар олиб боришади. Бунда кичкинтойлар «Всезнайка» компьютери орқали уч хил – ўзбек, рус, инглиз тилларида сўзларни ўрганишади, ахборот коммуникация технологиялари бўйича дастлабки сабоқни олишади.

Жажжи қалбларда миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизга ҳурмат, меҳр уйғотиш мақсадида гуруҳ хоналарида алоҳида бурчак ташкил этилган. Ундан миллий либослар, урф-одатларимизни ўзида намоён этувчи кўргазмалар жой олган. Қизларимиз меҳмон кутиш одобини ўрганадилар. Тарбиячи Саида Тиллабоева машғулотларда ноанъанавийликка кенг эътибор қаратади.

Р.Марилова, М.Нишоновалар раҳбарлигидаги нафис санъат тўгараги фаолияти ҳам намунали йўлга қўйилган. 25 нафар ўғил-қиз ҳафтанинг ҳар шанба кунида кўнгилочар соатларда бўш вақтини мазмунли ўтказмоқда.

Биринчи кичик гуруҳ тарбиячиси Раъно Тўхтаназарова расм чизиш тўгарагини бошқармоқда. Тўгарак аъзоларидан Жаҳонгир Долимжонов, Илёсбек Абдуғаппоров, Дилшодбек Исоқжонов, Шаҳзода Одилжонова каби ёш рассомлар чиройли суратлар чизишмоқда.

Мусиқа, спорт-соғломлаштириш бўйича ҳам ўтказилаётган тадбирлар, мусобақалар жажжи қалбларда санъатга бўлган иштиёқни уйғотиб, жисмонан чиниқиб боришларида катта аҳамият касб этмоқда.