БИЛИМ МАСКАНЛАРИДА «СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ» ЯНГРАДИ

2018-2019 ўқув йили якунига бағишланган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари туманимизда ҳам кўтаринки руҳда ўтди.

Таълим рус тилида олиб бориладиган 6-мактабдаги тантанада туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, туман ХТБ мудири Шуҳ-ратжон Муродовлар иштирок этиб, битирувчиларга эзгу тилаклар билдиришди.

Тантанада Саида Аҳмадалиева раҳбарлигидаги мактаб жамоасининг ютуқлари алоҳида эътироф этилди. Жумладан, фан олимпиадасининг вилоят босқичида 9-10-синфлар ўқувчилари Маржона Рустамжонова, Гулҳаё Мирзамаҳмудова давлат тили фанидан, 10-11-синфлар ўқувчилари Беҳруз Ҳожимирзаев рус тили, Камрон Турсунов инглиз тили фанларидан фахрли ўринларни эгаллашган бўлса, яна бир неча ўқувчи билимлар фестивалида ҳам мактаб шаънини муносиб ҳимоя қилди. Эътиборлиси, 5-11-синфлар ўқувчиларининг барчаси инглиз тили фанидан фахрли биринчи ўринни эгаллашгани ҳам мактабда илмсевар ёшларнинг кўплигидан далолатдир. Иқтидорли ўқувчилар ўртасида робототехника бўйича ўтказилган танловда Довудбек Турғунпўлатов фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, Халқ таълими вазирлигининг диплом, совғалари билан тақдирланди. «Ёш қутқарувчилар» танловида мактаб жамоаси вилоятда иккинчи ўринни, ўзбек тили фани ўқитувчиси Мастура Исоқова «Йилнинг янг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг вилоят босқичида учинчи ўринни эгаллашди. 4-синф ўқувчиси Ҳусанбой Ваҳобжонов белбоғли кураш бўйича Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида, 9-синф ўқувчиси Авазбек Абдумажидов турон яккакураши бўйича Ўзбекистон чемпионатида ғолибликка эришдилар. Мазкур мактабда туманда ягона ҳисобланган шахмат дарси ва тўгарагининг ташкил этилгани, айна шу мақсад учун 3 миллион сўмлик жиҳозлар келтирилгани ёки 8 миллион сўм маблағ эвазига мактабда электрон кутубхона фаолиятини бошлагани навбатдаги ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси, десак янглишмаймиз. Мактаб «Обод марказ» дастури асосида 236 миллион сўм маблағ эвазига жорий таъмирдан чиқарилди.

11-синфни тамомлаётган 35 нафар ўқувчидан икки нафари – Жавоҳир Рустамжонов, Меҳринисо Мамажоновалар мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тамомлашмоқда.

******

38-мактабнинг 11-синфини 32 нафар ўқувчи тамомлаяпти. Бу масканда ҳам иқтидорли ўқувчилар талайгина. Зилола Бекмирзаева мактабни кумуш медаль билан тугатмоқда. Ўқувчилардан Гулноза Сайдуллаева, Мухлиса Тўхтамирзаева, Шоҳсанам Орифжоновалар волейбол бўйича вилоят, республика терма жамоа аъзоси ҳисобланишади. Илёсбек Тўхтамирзаев, Каримжон Иномовлар фан олимпиадасида туманда муваффақиятли қатнашишди. «Сўнгги қўнғироқ»қа бағишланган тадбирда сўзга чиққан туман Кенгаши депутати Фаридахон Отахонова, «Маҳалла» ХЖФ туман бўлинмаси раиси Ғанишер Жўраев, Тошлоқ МФЙ раиси Маъруфжон Собиддиновлар фидойи устозлар ҳамда фаол ўқувчиларни фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақ-дирлашди.

Умиджон СУЛТОНОВ,

жамоатчи мухбир.

******

Билим масканимизда «Сўнгги қўнғироқ» тадбири ўзгача шукуҳ билан нишонланди. Мактаб директори Рустамжон Қамбаров 11-синфни тамомлаётган 97 нафар қалдирғочга оқ йўл тилади. Бу бахтли ёшлар сафида мактабни олтин медалга битираётган Наима Холмирзаева, кумуш медалга тамомлаётган Фаррух Қодиров, Моҳиста Ғаниева, Ҳамида Тожиддинова, Машҳура Мамажоноваларнинг қувончи ҳар қачонгидан ҳам чексиз. Шунингдек, фан олимпиадасининг вилоят босқичида муносиб иштирок этган Маъсума Собирова, Райҳона Юсупова, ушу спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпиони Мадина Олимжонова, ўзбек курашидан Россияда ўтказилган мусобақа иштирокчиси Орифжон Иброҳимовлар мактабимизнинг фахри ҳисобланишади. Уларнинг ютуқлари алоҳида тилга олиниб, бу ёшларга фахрий ёрлиқлар топши-рилди.

Умида НАЖМИДДИНОВА,

3-мактаб ўқитувчиси.