ИЗЛАНАЁТГАН ПЕДАГОГЛАР
Билим масканимизда педагог кадрлар салоҳиятини ошириб бориш, илғор тажрибаларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратганмиз. Инглиз тили фани ўқитувчиси Дилноза Абдуллаеванинг бир соатли дарс ишланмаси вилоятда оммалаштирилган бўлса, «Халқ таълими аълочиси», изланувчан муаллима Замира Умарованинг фаолияти республика таълим марказининг талабномаси асосида мамлакат миқёсида оммалаштирилди. Ташаббускор муаллима Замира Умарова театр гуруҳини ҳам ташкил этган. Унга 20 нафар ўқувчи аъзо. Қисқа фурсатда Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом каби севимли ёзувчиларимизнинг «Уфқ» трилогиясидан «Қочоқ» парчаси, «Яхшилик» ҳикояси, «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», «Шум бола» асарларидан парчалар саҳналаштирилди. Туман маданият бўлими мудири Эльмира Джанбекова иқтидорли ёшларнинг ижроси бўйича мулоҳазалар билдириб, туман миқёсидаги тадбирларда театр гуруҳи чиқишларини намойиш этиб бориш таклифини айтди.
Нигора АБДУЛЛАЕВА,
ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари.

