МЕҲР УЛАШИБ…

Нодирахон Мадраимова Ғайрат педагогика коллежи директори вазифасида иш бошлаганига унчалик кўп вақт бўлгани йўқ. У ташаббускорлиги, ташкилотчилиги билан жамоани бир мақсад йўлида бирлаштиришга, хайрли ишларни амалга оширишга бош қўшмоқда. Яқинда жамоада ишлаётганлардан бир гуруҳини алоҳида рағбатлантириб, ўксик кўнгилларини кўтарганлиги ҳақида эшитган эдим. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида Нодирахон таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, байрам муносабати билан Наманган шаҳридаги 26-меҳрибонлик уйига ташриф уюштиришаётганини ва бу хайрли ташаббусни амалга оширишда ҳамроҳ бўлишни таклиф қилди. Очиғи, яқин йилларда бундай ташаббус ҳақида эшитмаганим учунми, таклиф менга ҳам маъқул келди. 29 май куни бир автобус ўқувчи билан 26-меҳрибонлик уйига отландик. Мактабгача таълим ва спорт йўналишида ўқиётган қирққа яқин ҳар бир ўқувчининг қўлида ўзининг совғаси. Кимдир қўл меҳнати билан тайёрлаган, яна кимдир болаларга ўйинчоқ, коптоклар олган. Яна айримлари бадиий дастур тайёрлашган. Ғайрат маданият маркази ходимлари ҳам маданий хизмат кўрсатиш тараддудида. Ниҳоят, масканга ҳам етиб келдик. Шинамгина фаоллар залига ўттиздан ортиқ ўқувчи тўпланди. Бадиий дастур намойиш қилинди. Тарбияланувчилар шеър, қўшиқлар айтиб, барчани мамнун этишди. Тарбияланувчилардан бири оналарни мадҳ этувчи қўшиқни куйлаганда, ҳамманинг кўзи ёшланди. Бу болаларга, аввало, меҳр-муҳаббат зарурлигини ҳамма ҳис этиб турарди.

Муҳаммад АЛИ.