ФАРЗАНДНИНГ ОТА-ОНА ОЛДИДАГИ ОДОБИ

Бошни фидо айла ато қошиға,

Жисмни қил садқа ано бошиға!

Алишер Навоий

Ҳурматли ўқувчи! Унутмангки, сизни Яратганнинг инояти ила ота-онангиз дунёга келтирди. Бир парча эт ҳолингиздан ҳозирги кўринишингизга олиб келишда улар нималар қилганликларини бир ўйлаб кўринг. Ярим тунда биров уйқунгизни бузса, сизга қанчалик малол келишини яхши биласиз. Онангиз сиз учун бир кечада неча марта ороми бузилганини, аммо бу унга малол келмаганини биласизми? Отангиз сизнинг униб- ўсишингиз, соғ-саломат улғайишингиз учун нималар қилганини ҳам бир тафаккур қилинг! Ногаҳон дардга чалинсангиз, бошингизда парвона бўлиб, сиздан кўра кўпроқ дард чеккан ҳам ота-она!

Китобларда ва кинофильмларда, балки ҳаётда боласи йўқолиб қолган ёки фалокатга учраган ота-она аҳволини кўз олдингизга келтириб кўринг: боласи учун ҳар қандай иложсиз ишга тайёр, ҳар қандай шартга рози бўлади улар! Айниқса, ҳозирги инсон ҳаёти, саломатлиги учун хавф-хатар (транспорт воситаларининг кўпайиб бориши, экологик вазият, янги касалликлар, одам савдоси, терроризмнинг авж олиши, «оммавий маданият» хуружи, гиёҳвандликнинг зарари ва ҳ.к.) доираси кенгайиб бораётган шароитда ўз фарзандларини бу бало-қазолар исканжасидан асраб вояга етказиш ота-она учун қанчалар машаққат эканлигини тасаввур қилинг. Болани бу нохушликлардан ота-она асрамаса, муҳофаза қилмаса, бу ишни бошқа ҳеч ким қилолмайди. Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев «Ўз болангни ўзинг асра!», -деб ота-оналар масъулиятини янада оширдилар.

Кўплаб Ғарб мамлакатларида одамлар фарзанд ғами, ташвиши ва тарбиясининг қанчалар оғир ва машаққатли эканлиги боис фарзандсиз ўтишни лозим топмоқдалар. Бу эса Аллоҳ олдида ҳам, жамият олдида ҳам ўта осийлик ва масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас.

Муқаддас китобларда ва донишмандлар қолдир-ган маънавий мерос манбаларида ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчи 3 та деб айтилган: Фарзанд туғилса, унга гўзал ва маъноли исм қўйиш. Фарзандга чиройли тарбия бериш ва уни илмли, ҳунарли қилиб вояга етказиш. (Шу ўринда «Оталар фарзандларига гўзал хулқдан кўра яхшироқ нарса беролмайдилар», -деган ҳадиси шарифни эслаш мақсадга мувофиқ).

Фурсат келганда ўзига муносиб умр йўлдош топиб уйлантириб қўйиш. Шу ишлар бажарилса, ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчи адо этилади. Қолган ҳамма нарсани оила қурган ёшлар ўзлари ишлаб топадилар.

Таъкидлаш жоизки, давримизда меҳрибон ота-оналар бурчлари бажарилган бўлса-да, болалари топишлари лозим бўлган ҳамма нарса (ҳовли-жой, замонавий жиҳозлар, қимматбаҳо буюмлар, кийим-кечаклар, машина ва ҳ.к.)ни муҳайё қилиб бермоқдалар. Таассуфки, эркатой фарзандлар буларнинг қадрига етмай, исроф қилиб, ота-онани кексайганда ғам-алам гирдобига ташламоқдалар. Бу ҳолатни ҳам тафаккур қилмоқ лозим.

Азиз фарзанд! Юқорида ота-онанинг сифати, фазилати ва фарзанди олдидаги бурчи ҳақида қис-қача тўхталдик. (Ҳозирги давримизда мавзу бўйича кўплаб муқаддас, қадимий ва замонавий адабиётлар чоп этилмоқда. Вақт топиб улар билан танишиб чиқсангиз, нур устига аъло нур бўлади.)

Энди фарзандларнинг ота-оналар олдидаги бурч ва вазифаларига тўхталамизки, бунга ўта жиддий қарашингизни ва ҳаётда амал қилишингизни жудаям хоҳлардик.

Шарқ халқлари, жумладан, бизким ўзбеклар, қадим замонлардан бери бир олтин қоидага амал қилиб келадилар. Бу 5 та «адолатли тенгсизлик» тамойили  бўлиб, эр-хотин, ота-ўғил, она-қиз, катта фарзанд – кичик фарзанд ва устоз-шогирд муносабатларидаги тенгсизликдир. Бу эр олдида хотин, ота олдида ўғил, она олдида қиз, ака (опа) олдида ука (сингил), устоз олдида шогирд итоатда ва ҳурматда бўлмоғини англатади. Шу боисдан оилаларимиз тинч-тотув, ҳамжиҳат ва бахтли ҳаёт кечирадилар. Бу қоидани асраб-авайлаб, авлодларга етказиш ҳар бир давр кишиларининг ғоят масъулиятли бурчларидир.

XV асрда яшаб ўтган донишманд, муҳаддис олим Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жомийнинг баён қилишича, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчлари қуйидагилардан иборат:

-ота-онага сидқидилдан хизмат қилиш, улар хоҳлаган ва буюрган ишни қилиш, хоҳламаган ва қайтарган ишларни қилмаслик;

-улар ҳузурида тик туриш, рухсат берсаларгина ўтириш;

-йўлда бирга кетаётганда, олдиларига ўтиб олмаслик (тупроқли, лойли, сувли ва хавфли жойлардагина олдинда юриш мумкин);

-ота-она олдида очиқ чеҳра билан ўтириш, қовоқ уймаслик, хўмраймаслик, «уф» тортмаслик;

-чақирганларида югуриб бориш;

-уларга қўлдан келганча яхшилик, раҳм-шафқат қилиш ва илтифотли бўлиш;

-ота-она шодлансалар, шод бўлиш, ғам-алам тортсалар, малҳам бўлиш;

-ортиқча гапларини малол олмаслик, танбеҳ берсалар, хурсанд бўлиш;

-ота-онага заррача озор беришни ор деб билиш;

-неки орзу-умидлари бўлса,рўёбга чиқаришга ҳаракат қилиш;

-ота-онага Аллоҳдан доимо узоқ умр, тансиҳатлик тилаб юриш;

-уларга мулойим муомала ва тавозеда бўлиш, баланд овозда ва кўп гапирмаслик, қўполлик қилмаслик;

-исмларини айтиб чақирмаслик, сўзларини бўлмаслик, айтганларини рад этмаслик ва турли хитоблар қилмаслик;

-кийим-кечак олганда, аввал ота-онага, кейин ўзига ёки болаларга олиш;

-уларга таомнинг олдини ва сифатли жойини бериш, бир идишдан овқатланаётганда, яхши жойини уларнинг олдига суриб қўйиш;

-нимани сотиб олиш истаклари бўлса, дарров олиб бериш (улар ёшлик чоғингизда шундай қилишган);

-яшаш шароитларини талаб даражасида қулай ва шинам қилиб бериш;

-сўрамасалар ҳам маблағ бериб туриш (тортиниб ошкора айтолмайдилар);

-ота-она узоқроқда яшасалар, гоҳ-гоҳ меҳмонга чақириб, иззат-ҳурмат кўрсатиб туриш;

-ота-онанинг дўстлари ва қариндошларига ҳурмат-эъзозда бўлиш;

-уларнинг қилган яхши ишларини, эришган ютуқларини тилга олиб, мақтаб туриш;

-ота-она ҳузурларида фарзандингизни ортиқча эркалатманг, жазо ҳам берманг.

Шунингдек, улар олдида қўл телефонидан фойдаланманг, компьютер ўйнаманг ва ястаниб телевизор томоша қилманг.

Ота-она вафотидан сўнг қуйидаги ишларга жиддий эътибор қаратмоқ лозим:

-майитни зудлик билан дафн этиш чораларини кўриш (марҳумнинг иззати уни тезда дафн этишдир), дод-фарёд қилмаслик, бошқаларга ҳам йўл қўймаслик;

-ота-она ётган қабристонга зиёратга чиқиб туриш (ҳар жума тонгида чиқишни одат қилинса, хўп савобли бўлади);

-имкони бўлганда ота-онанинг ёру дўстларини, қариндошларини ва ҳамкасбларини вақти-вақти билан йўқлаб, уйга чақириб, меҳмон қилиб, ўтганларни хотирлаб туриш ҳам чиройли миллий удумларимиздан ҳисобланади;

-фарзандларингизга ота-онангизнинг энг яхши фазилатлари, қилган солиҳ амаллари ҳақида тез-тез гапириб юринг.

Кичик эслатма: ота-онангиз қабрига дабдабали қабр тоши қўйманг, ортиқча сўзлар ёзманг. Ота(она)нгизнинг исм-шарифлари, таваллуд ва вафот этган саналари ёзилган кичик лавҳа ўрнатилса, кифоя қилади. Қабр атрофига гуллар экинг, вақти-вақти билан ўт-ўлан, хору хашакдан тозалаб туринг.

Азиз фарзанд! Ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги миллатимиз ва динимизга хос бўлган нозик муносабатларни баҳоли қудрат қисқача ёритишга ҳаракат қилдик. Бу удумларга нечоғли амал қилиш сизнинг ихтиёрингизда.

Ўринбой МЎМИНОВ.