ЭЪТИБОРСИЗЛИК ОРТИДАГИ КУЛФАТ

Бугун жамиятимизда автоуловга эга кишилар ҳар қачонгидан-да кўп. Буни йўлларнинг тирбандлиги, гузарлар, кишилар гавжум жойлар, ҳатто йўлакларда ҳам автомобиллар тўхташи учун жойнинг йўқлиги кўрсатиб турибди. Бу турмуш тарзимизнинг ўсиб бориш  кўрсаткичини белгилайди, албатта. Аммо уларни бошқарувчи кишиларнинг уқувсизлиги оқибатида келадиган нохушликлар эса дилни хира қилади.

Янгиқўрғонлик Ҳ.Қ. ўз бошқарувидаги «Дамас»ни Нанай – Янгиқўрғон автойўли орқали бошқариб бораётиб, белгиланган тезликни назорат қилмади. Оқибатда қарама-қарши йўлдан ҳаракатланиб, йўлни кесиб ўтаётган Б.А.ни кечроқ кўриб қолди. Ҳар қанча автомобилини  тўхтатишга, рулни буриб, олиб қочишга уринмасин, фалокатдан қутулиб қололмади. Тўқнашувдан жиддий шикаст кўрган Б.А. касалхонада вафот этди.

Ушбу жиноий  иш жиноят ишлари бўйича туман судининг Янгиқўрғон тумани, Бунёдкор МФЙ маъмурий биносида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлисида атрофлича кўриб чиқилди. Суд айбланувчи Ҳ.Қ.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларини қўллаган ҳолда айбига яраша жазо тайинлади.

Ж.МАМУРОВ,

жиноят ишлари бўйича туман суди раиси,

А.БУРХОНОВ,

туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори, лейтенант.