ЯНА УЯТ ҲАҚИДА
Уят тушунчаси фақат инсонларгагина хос туйғу бўлиб, тилимизда унинг ҳаё, ибо, шарм, ор, андиша, номус каби маънодошлари мавжуд, улар ўрни билан каттага, кичикка, эркакка, аёлга нисбатан қўлланилади. Илмий адабиётларда уят тушунчаси шундай изоҳланади: «Уят (ҳаё) ахлоқ сифатларидан бири. Бирор шахсга ёки жамият аъзоларига нисбатан одоб билан муносабатда бўлишга ундовчи ҳис-туйғу; шахснинг ўзи ва бошқалар томонидан қилинган ноўрин хатти-ҳаракатларни англаб ўкиниши».
Атоқли адибимиз А.Қаҳҳор ёзади: «Уят фақат инсонга хос туйғудир. Ҳайвон уят пайдо қилолмагани учун инсонга яқинлаша олмайди, лекин инсон уятини йўқотиб, ҳайвонга яқин-лашиб қолиши мумкин». Бир донишманд уятни «виждоннинг ташқи кўриниши» деган экан. Бу фикр ножўя ишлардан сақланган одамни виждонли, уялмайдиган одамни виждонсиз, дейишга асос бўлади.
Тафаккур қилиб кўрсак, уят ҳисси қай инсонда мужассам бўлса, кўплаб ноинсоний қусурлардан холи бўларкан. Аксинча, кимда бу туйғу бўлмаса, кўплаб инсоний фазилатлардан мосуво қоларкан. Энг асосийси, уятсиз одамда одоб деган бебаҳо бойлик бўлмайди. Одобсизда ахлоқ ҳам бузуқки, ахлоқсиз кимса эса жиноятга тап тортмай қўл ураверади. Демак, уят жамиятни турли бало, офатлардан, ҳатто таназзулдан сақловчи мустаҳкам қалқон, десак, янглишмаймиз. Янада чуқурроқ мулоҳаза қилсак, Ватанимиз, халқимиз мухолифлари нима учун ёшларимиз ўртасида ахлоқсизлик кўринишларини кенг тарғиб этаётганликлари аён бўлади: уятсиз, ахлоқсиз одамлар ҳеч тортинмай, Ватанга хиёнат қилади, энг яқинларини ҳам доғда қолдиради.
Савол туғилади: уят саналган ишларни ким қилмоқда? Жавоб аниқ: аксарият ҳолларда билимсиз, нодон кимсалар. Улар орасида дипломли билимсизлар ҳам учрайди.
Инсоният тарихидан маълумки, қаерда бало, офат бўлса, жамият инқирозга учраса, ўша ерда, албатта уят, андиша қолмаган бўлади. Бунга муқаддас «Қуръон»имизда ҳам (Садум шаҳри аҳолиси фожиаси), тарихда ҳам (Помпей шаҳри ҳалокати), бугунимизда ҳам (кўплаб тунги клублардаги фожиалар) мисоллар етарли.
Одатда, душман ҳужум қилишдан олдин поспонларни маҳв этади. Уят эса жамиятни, ҳар бир кишини бало-қазолардан асровчи қалқон ва посбондир. «Оммавий маданият» ана шу посбонни йўқ қилиш ҳаракатида!
Азизим, посбонингизни эҳтиёт қилинг.
Ўринбой МЎМИНОВ.

