БАХТЛИ БОЛАЛИК ТАРАННУМИ

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, сектор раҳбарлари, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаеваларнинг ташрифлари 1-сонли ихтисослаштирилган махсус давлат мактабгача таълим муассасасидан бошланди. Тадбирда жажжилар томонидан истиқлол, бахтли болалик ҳақида шеърлар айтилди, қўшиқ, рақслар ижро этилди. Уларга мутасаддилар томонидан байрам совғалари туҳфа қилинди.

****

6, 34-МТМлардаги байрам тадбири ўзгача шукуҳда нишонланди. Кечада муассасада тарбияланаётган ўғил-қизларнинг ҳар жиҳатдан пухта билим олаётганликлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўла намоён этишлари уларнинг ушбу байрам дастуридаги чиқишлари мисолида ҳам ёрқин намоён бўлди. Она-Ватан, мустақиллик, юрт ободлиги ва тинчлик ҳақидаги шеър, қўшиқ, рақслар иштирокчи ва меҳмонларга кўтаринкилик бағишлади. Тадбирга туман прокурори Улуғбек Нўъмонов, жамоат ташкилотлари вакиллари ташриф буюриб, кичкинтойларга байрам совғалари топширдилар.

****

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Анваржон Атақўзиев, «Камалак» болалар ташкилоти раиси Ҳожиакбар Паттаевларнинг 14-МТМга ташрифлари болажонлар учун бир олам қувонч бағишлади. Улар тарбияланув-чиларга ўйинчоқлар туҳфа қилдилар.

****

Шу куни туман марказидаги «Мустақиллик» маданият ва истироҳат боғида кам таъминланган оилалар фарзандларидан 200 нафарига байрам тадбири уюштирилди. Барча иштирокчилар музқаймоқ ва ширинликлар билан сийланди. Тадбир қатнашчиларини туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов самимий табриклади.

Байрам шодиёнасида туман маданият маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли, «Бойчечак» болалар, «Парвоз» ўсмирлар ижодий жамоалари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг истеъдодли ўқувчилари томонидан «Болалар шодлиги – бахтимиз қувончи» деб номланган маданий-мусиқий  концерт дастури намойиш қилинди.

Умиджон СУЛТОНОВ,

жамоатчи мухбир.

КЎРГАЗМАЛИ ТАРЗДА

Яқинда 6, 14, 34-мактабгача таълим муассасаларида «Мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнининг «Илк қадам» ўқув дастури амалда» ҳамда «Ёзги соғломлаштириш ойлигига тайёргарлик» мавзусида вилоят ўқув семинари ўтказилди.

-«Илк қадам» дастурининг муҳим жиҳати боланинг ривожланиш картаси юритилишидир, -дейди 14-МТМ мудираси Ёқутхон Асрабоева. -У ўзида боланинг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган даврини қамраб олади. Карта бир йилда уч марта тўлдирилади ва бола боғчада тарбияланганидан сўнг, 6-7 ёшида унинг мактабга тайёрлиги картаси билан таълим даргоҳига юборилади.

-Ёзги соғломлаштириш ойлигининг мароқли ва мазмунли ўтиши учун МТМларда алоҳида режа ишлаб чиққанмиз, -дейди туман МТБ мудири Маҳбубахон Абдуллаева. -Семинар давомида МТМ тарбияланувчилари томонидан «Дўст – дўстнинг ойнаси», «Одобни одобсиздан ўрган», «Одоб саломдан бошланади», «Билимдон қуёнвой», «Маиший буюмлар – бизнинг ёрдамчиларимиз», «Меҳрибонларимизга ёрдамчилармиз» мавзуларида ўқув машғулотлари ўтилди.

Аброр САБАРАЛИЕВ.

Суратларда: байрам тадбирлари ва семинардан  фотолавҳалар.