ИШЧИ ГУРУҲИ ТАШАББУСИ БИЛАН
Бугунги кунда муҳтарам Юртбошимиз томонларидан аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, моддий фаровонлигини янада яхшилаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этишга эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада туманимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига иш сўраб мурожаат этган 2245 нафар фуқародан 1104 нафари ишга жойлаштирилди. Булардан 936 нафари жамоат ишларига жалб қилиниб, 96 нафари қайта тайёрлаш курсларида ўқитилди.
Яқинда вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи ташаббуси билан туман марказида бўш иш ўринларининг «Меҳнат ярмаркаси» бўлиб ўтди.
Тадбир давомида асосий эътибор ишсизлар, коллеж битирувчилари, чет давлатларда бўлиб, яшаш манзилига қайтган фуқаролар ва жазодан озод этилган шахслар бандлигига қаратилди.
Мазкур ярмаркаларда фаолият кўрсатаётган туманимиз ҳамда Чортоқ, Учқўрғон туманларидан 58 дан зиёд корхона ва ташкилотдан мавжуд 520 дан ортиқ бўш иш ўрни қўйилди. Кун бўйи бўлиб ўтган тадбирда 344 нафар фуқаро иш сўраб мурожаат қилди ва улардан 310 нафарининг талаби қондирилди.
Шунингдек, Президентимизнинг «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривож-лантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3777-сонли қарори доирасида тадбиркорлар томонидан тикув машинаси, қуён, мини печь ва бошқа дастгоҳлар ҳавола этилиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидагиларга шартномалар берилди.
-Ушбу «Меҳнат ярмаркаси»да тикув машинаси, мини печь ҳамда турли хил турдаги станоклар билан иштирок этдик, -дейди «Agro Troviding» МЧЖ раҳбари Аҳмаджон Турдибоев. -Имтиёзли кредит маблағи эвазига 8 нафар хотин-қиз билан тикув машинаси олиши учун келишув битими тузилди.
Шунингдек, аввалги ҳафтада бу каби тадбирлар Ғайрат педагогика, Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежларида ҳам бўлиб ўтди.

