ЙЎЛЛАР РАВОН, ДИЛЛАР НУРАФШОН БЎЛАДИ
Юртбошимизнинг Наманганга ташрифлари чоғида вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларда иқтисодиётимизни юксалтириш, ҳудудлар ободлигини таъминлаш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини янги босқичга кўтариш, пировардида халқнинг розилигига эришиш каби олижаноб мақсадлар мужассам. Айниқса, «Обод марказ» дастури доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари таҳсинга сазовор.
Бугун туман маркази – Уйчи шаҳарчасида ҳам улкан бунёдкорлик ишларига шоҳид бўласиз. Вилоят, туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, йўл, қурилиш, ободонлаштиришга масъул ташкилотлар мутасаддилари, ишчи-ходимлари «Обод марказ» дастури ижросини таъминлаш борасида фидойилик билан иш олиб бормоқдалар. Эътиборли томони, 4 Р-116 ҳамда 4 Р-118 автомобиль йўлларида бошланган ишлар туман марказининг янада обод ва кўркам бўлишида катта аҳамиятга эга.
-Аввало, 4 Р-116 автомобиль йўлининг 14-16-километридаги автомагистраль йўл жаҳон андозаси талаблари даражасига келтирилади, -дейди биз билан суҳбатда туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори Дилмурод Жўраев. -Бу, асосан, туман марказий касалхонасидан Аллаариқ бекатигача бўлган ҳудудни қамраб олади. Ҳамма сунъий иншоотларга эга бўлган ҳамда тўлиқ ёритиш тизими амалга оширилган ҳолатда 6 тасмали (ҳар бир тасманинг кенглиги 3,75 метрдан) йўл барпо этилади. Мазкур автомобиль йўлининг қатнов қисми четларига ҳар икки томонидан темир-бетон нов(лоток), пиёдалар йўлагининг (2,25 метр) ҳар икки томонидан темир-бетон ҳошия тош (бардюр) ҳамда велосипед йўлакчаси (1,5 метр) учун алоҳида йўлак ва ҳошияли тошлар ўрнатилади. Автомобиль йўлининг ўртасида ажратувчи тўсиқ, яъни РП – 300 русумли темир-бетон ҳошия тош ўрнатилиши ҳам кўзда тутилган. Замонавий светофорлар қўйилади. Бундан кўзланган асосий мақсад нафақат транспортлар, балки велосипед, пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашдир. Бунёдкорлик ишлари «Ровустон қурилиш сервис» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Шунингдек, йўлсозлар томонидан 4 Р-118 автомобиль йўлининг 9-11-километридаги автомагистраль йўлнинг («Уйчитумангаз» филиалидан айланма йўлгача 2 км. 200 метр) қисмидаги асфальт бетон қопламаси қисман таъмирланади, пиёдалар, велосипед йўлакчалари, темир-бетон нов ва ҳошия тошлар тўлиқ янгиланади. Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида бош муҳандис Раҳимжон Зоитов, иш юритувчи Давлатали Рўзиев, тракторчи Неъматжон Назаров, ишчилар Анваржон Эргашев, Содиқжон Жўраев, Абдубанноп Жамолиддинов, Маликжон Аҳмедов, Жавлонбек Эргашев кабилар жонбозлик кўрсатишмоқда.
Уйчи йўллари равон ва ҳамма ҳавас қиладиган даражада бўлишига ҳисса қўшаётган йўлсозларимизга куч-ғайрат тилаймиз.
Муҳаммадали ҚАМБАРОВ,
туман Кенгаши депутати.

