КЕНГ ҚАМРОВЛИ ЛОЙИҲАЛАР
Хабарингиз бор, 2017 йил 30 июнь мамлакатимизда тарихий кун сифатида қайд этилган. Муҳтарам Президентимиз томонларидан бу кун «Ёшлар куни» деб эълон қилинди. Мазкур байрамни юқори кайфиятда кутиб олиш мақсадида туманимизда ҳам кенг қамровли лойиҳалар ташкил этилмоқда. Бугунги кунга қадар ойлик доирасида 26 та тадбир ўтказилиб, 2 минг нафардан ортиқ ёш қамраб олинди.
«Уйчи умид ниҳоллари» болалар оромгоҳида туман маданият бўлими ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида театрлаштирилган «Актёр шоу» ҳамда «Ёшлар оқшоми» номли маданий-мусиқий кўнгилочар дам олиш тадбири ўтказилди. Туман маданият маркази қошидаги «Ёшлар клуби» аъзолари ҳамда Ровот маданият марказида ташкил этилган «Гуллола» бадиий ҳаваскорлик жамоаси хонандалари Умиджон Каримов, Умиджон Ҳайитмирзаевлар маданий хизмат кўрсатишди. Тадбирда 200 нафарга яқин ёш қатнашди. Кенгаш томонидан 27-мактаб сардорлари иштирокида Файзиобод МФЙда истиқомат қилаётган 80 ёшли Фарида ая ҳолидан хабар олинди ҳамда хонадон ҳашар йўли билан ободонлаштирилди. «Фарида ая ташрифимиздан мамнун бўлиб, бизни дуо қилдилар. Ўйлайманки, биз, ёшлар, бу каби хайрли акцияларни мунтазам ўтказиб туришимиз нафақат вазифамиз, балки бурчимиз ҳамдир», -дейди Икромжон Аҳмадалиев биз билан суҳбатда.
Шунингдек, мактаблардаги кундузги оромгоҳларда ҳам болажонларнинг ёзги таътил вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида мунтазам равишда спорт мусобақалари ҳамда кўнгилочар тадбирлар ўтказилмоқда.
«Ёшлар ойлиги» юқори савияда давом этмоқда.
Ҳожиакбар ПАТТАЕВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши «Камалак» болалар ташкилоти раиси.

