Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…
Кўнгил ёшлигини ҳар дам қўмсайди,
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди.
Такрор этмас эдим бағри тошлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг!
Намунча енгилсан, намунча дайди!
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди.
Бўлмасди беғамлик, бебардошлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг!
Тонг юлдузи каби бир он кулсайди!
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди,
Ўта ёндирардим кўнгил ғашлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг!
Юрак илк севгига яна тўлсайди,
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди.
Шодлик, кўкламлигинг, серқуёшлигинг,
Жаҳон ёритарди худди Ёшлигинг!
Ҳамид ҒУЛОМ.

