ТАДБИРКОРЛАР МУРОЖААТЛАРИ ЭЪТИБОРДА ВА НАЗОРАТДА

Мамлакатимизда сўнгги йилларда тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5718-сонли Фармони тадбиркорлар, жумладан, хорижий инвесторлар мурожаатлари билан ишлашнинг алоҳида тартибини белгилаб, мурожаатлар ҳаракатланиш тарихини кўриш, таҳлил қилиш имконини берувчи ягона электрон тизим жорий қилишга замин яратди. Мурожаатларни қайд этиш ягона платформаси (buziness.gov.uz) жорий йил 1 июнь кунидан ишга туширилди.

Бугунги кунда Давлат хизматлари марказларида Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилиб, штатлар бирлиги бўйича кадрлар, оргтехника, мебель, алоқа воситалари, интернет тармоқлари ва бошқа зарурий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмоқда.

Тизимда кўзда тутилганидек, тадбиркорлар Бош вазирга ўз мурожаатларини интернет саҳифа орқали онлайн тарзда, бевосита жойлардаги қабулхоналар ходимларига мурожаат қилиш, шунингдек, Савдо-саноат палатаси Call Center хизматининг (11-00, 211-00-00) қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш орқали йўллашлари мумкин.

Барча келиб тушган мурожаатлар ягона мурожаатлар портали маълумотлар базасида жамланади ва мурожаатда кўрсатилган масалаларни кўриб чиқиш, таҳлил қилиш ва ҳал қилиш учун тегишли ваколатли ходимлар, ташкилот, давлат органларига йўналтирилади. Масъул идоралар томонидан мурожаатлар қисқа (2 кун) ва ўрта (7 кун) муддатларда кўриб чиқилади.

Фармоннинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ҳамда тадбиркорлар билан учрашувларни ўтказиш бўйича Савдо-саноат палатаси раиси ва Адлия вазири раҳбарлигида бевосита тадбиркорлик масалаларига дахлдор 51 та вазирлик, идора, ташкилот мутасаддиларидан иборат республика ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар шакллантирилди.

Куни кеча 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган учрашув юқоридаги Фармон мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш мақсадида ташкил этилди. Уни туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов очди. Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ўткир Бўтаев, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камаловлар мавзу юзасидан тушунча бердилар. Учрашув давомида Норин, Учқўрғон, Уйчи туманларида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг ўз бизнесини юритиш, ривожлантириш ва кенгайтириш йўлида юзага келаётган муаммоли масалалари тингланди. Учрашув якуни бўйича тадбиркорларнинг муаммо, масала ва таклифлари қайд этилди ва қайд қилинган барча масалалар учун масъул идора ва ташкилотлар бириктирилиб, ижро муддатлари аниқ белгилаб берилди.

Абдулаҳад АБДУРАҲМОНОВ,

туман Кенгаши депутати.