ЎРИМГА КИРИШИЛДИ
Туманимизда ғалла ўримига қизғин киришилди. 6345 гектар майдонда парваришланган ҳосилни нест-нобуд қилмай, йиғиб-териб олиш галдаги муҳим вазифа саналади. Шу боис 25 та отрядга тақсимланган ҳудудларда мавсумни муваффақиятли ўтказиш тадоригига аҳамият қаратилган. Ўримга бириктирилган барча комбайн, ташувчи транспортлар техник кўрикдан ўтказилди, ўримга бириктирилган ходимлар учун озиқ-овқат, турар жой, техника ва ёнғин хавфсизлиги, тиббий хизмат, иш ҳақи масалалари назорат остида.
Бугун 23897 тонналик туман ғалла режасини ёруғ юз билан адо этишга астойдил бел боғлаган миришкорлар дастлабки ҳосилни топширишга киришдилар. Ўрим «Уйчи Мирзо Улуғбек» ММТП, «Қашқалдоқ Беруний», «Зарбол Навоий» СИУлар ҳудудларида қизғин паллага кирди.
«Уйчи Гулистон» ММТП ҳудудидаги «Абдумалик» фермер хўжалиги (раҳбари Аъзамжон Маликов) ғаллакорлари жорий йилда 99 гектар майдондаги «Чиллаки» навли буғдойдан 256 тонна ҳосил олиб, шартномавий режани ортиғи билан бажардилар. Ҳосилни нест-нобуд қилмай, йиғиштириб олинишида комбайн оператори Қодирали Қосимов(биринчи сурат, ўртада)нинг хизмати катта.
****
«Қашқалдоқ Беруний» СИУ ҳудудидаги «Акрамжон Шуҳратжон» фермер хўжалиги(раҳбари Анваржон Тожибоев) ғаллазорларида Илҳомжон Содиқов раҳбарлигидаги 171-отряд аъзолари ўримни қизғин давом эттиришмоқда. 33 гектар майдондан 135 тонна ҳосил олишни кўзлаган жамоа ғаллазорида ўрим олдидан нуронийлар (иккинчи суратда) дуои фотиҳалар қилиб, эзгу тилаклар билдиришди.

