КИШАН КИЙМА…
Одам савдоси ҳамон ҳозирги дунёнинг глобал муаммоси бўлиб қолмоқда. Унга қарши барча тараққийпарвар кучлар кураш олиб борса-да, бироқ бу балони даф этиб бўлмаяпти. Афсуски, бу борада бизнинг фуқароларимиз ҳам жабр чекмоқдалар.
Тафаккур қилиб кўрайлик. Овчи сувга қармоқ ташлади. Бироз вақт ўтиб, қармоқ пўки қимирлади ва балиқ илинди. Овчи қармоқ ташлади, холос. Балиқнинг ўлжа бўлишига унинг нафси сабаб бўлди.
Одам савдосида ҳам шу жараён кечади. Қурбон бўлаётганлар ўз ерида Аллоҳ бераётган ризққа қаноат қилмай, бошқалардан бойроқ бўлишга, ҳашаматли ҳаёт қуришга ҳаракат қилган, яъни нафси ҳакалак отган одамлар бўлиб чиқяпти. Уларнинг аксарияти дунёвий, диний, ҳуқуқий билими саёз бўлган инсонлардир. Шу боис одам савдосига қарши кураш чоғида фуқароларга конституциявий ҳуқуқ ва бурчларини, диний жиҳатдан нафсни жиловлаб олишнинг афзалликларини, инсон боласини Аллоҳ ҳур, озод ва барчасини тенг қилиб яратганини кенг тушунтириш лозим бўлиб қолмоқда.
Балиқ қармоққа ўзи илинмаса, овчининг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Одам савдосининг қурбони бўлаётган шахс ўз ҳуқуқини билса, ўзини ҳимоялай олса, нафси сўзига кирмай, қаноатни шиор этса, эркини (ҳужжатини) бировга бермаса, ҳур инсонлигини англаб етса, одамфурушнинг қўлидан ҳеч вақо келмайди.
Эрк куйчиси А.Чўлпоннинг қуйидаги сатрларини онгли равишда ўқиб ва уқиб олмоқ фойдадан холи эмас:
Кишан кийма,
Бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғулғонсен!
Ўринбой МЎМИНОВ.

