МУСТАҚИЛ ҲАЁТГА ЙЎЛЛАНМА
Туманимиз касб-ҳунар коллежларида диплом топширишга бағишланган тантаналар бўлиб ўтди.
Жорий йилда туманимиз касб-ҳунар коллежларининг учинчи босқичини 2171 нафар йигит-қиз тамомлаб, мустақил ҳаётга йўлланма олмоқда.
Ғайрат педагогика коллежидаги тантана кўтаринки руҳда ўтди. Коллежни мактабгача таълим, кенг ассортиментдаги кийимларни лойиҳалаш устаси, спорт мураббийи каби йўналишлар бўйича 223 нафар йигит-қиз тамомламоқда. Улардан 16 нафари имтиёзли диплом олишга мушарраф бўлди.
Байрамона безатилган коллеж ҳовлиси шу куни ота-оналар, меҳмонлар билан гавжумлашди. Туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, коллеж директори Нодира Мадраимовалар самимий тилаклар билдириб, фаол ўқитувчи ва ёшларга ташаккурнома, эсдалик совғалари топширдилар. Туман маданият маркази ва коллеж ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди.
******
Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ҳовлиси байрамона шукуҳда. Коллежни тамомлаётган ўқувчиларга диплом топшириш маросимига педагогик жамоа аъзолари, битирувчи курслар ўқувчилари, ота-оналар, туман ҳокимлиги, ҳамкор ташкилотлар, сиёсий партиялар, ёшлар иттифоқи вакиллари ҳозир бўлишди.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси билан бошланди. Битирувчиларни коллеж директори Абдумажид Отабоев, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Эътиборхон Юнусова, «Уйчинома» газетаси бўлим мудири, ижодкор Ўринбой Мўминов ва бошқалар табриклаб, мустақил фаолиятларига муваффақиятлар тиладилар.
Бу йил коллежни 6 та мутахассислик бўйича 11 та гуруҳда таҳсил олган 244 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 21 нафарига имтиёзли диплом топширилди. Шунингдек, йил давомида ўқиш ва жамоат ишларида, турли танловлар ва мусобақаларда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ўқувчилар, устозлар ва намунали ўқувчиларнинг ота-оналари коллеж раҳбарияти, мутасадди ташкилотларнинг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғаларига сазовор бўлдилар. Битирувчи ўқувчиларнинг келгуси фаолиятларига оқ йўл тиланди.
Битирув тадбирига туман маданият бўлими санъаткорлари ёшлик, тинчлик ва Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлари билан файз бағишлашди.

