МУҲТОЖ АЁЛЛАРНИ УЙ-ЖОЙ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИ
Кимлар уй-жойга даъво қилиши мумкин?
Ногирон, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар ва уй-жойга муҳтож хотин-қизлар деб белгиланган. Хусусан, қуйидаги тоифадаги аёллар ушбу имтиёзга даъво қилишлари мумкин: мулк ҳуқуқи асосида (яъни номида) турар жойи йўқ, ижарада ёки яшаш учун яроқсиз уйда яшаётган, бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшаётган, кўп болали (уч ва ундан ортиқ), оиласини даромади кам, касаллиги туфайли алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз (ТТБнинг хулосаси ва ФЎЎБО (маҳалла) маълумотномаси асосида), оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар (мавжуд, уй-жой майдони ижтимоий нормага мувофиқ бўлмаган (бир шахс учун 16 кв. метрдан кам, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв. метрдан кам) аёллар, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар, оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган боласини парваришлаётган аёллар (туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси маълумотномаси ва тиббиёт бирлашмаси хулосаси асосида), кам таъминланган оилада ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларини тарбиялаётган аёллар (маҳалла фуқаролар йиғини маълумотномаси асосида).
Ҳар йили туман ва шаҳарга (тоифасига қараб) 6 тадан 10 тагача 2-3 хонали уйлар ва 2 сотихли (2-3 хонаси бор) ҳовлилар берилади, ногирон хотин-қизларга қулай бўлиши учун кўп қаватли уйларнинг биринчи ёки иккинчи қаватидан уй-жой ажратиб берилади.
Намунали уй-жойларнинг бошланғич тўлови (25 фоизи)ни хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қуватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот томонидан ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар (ҳомийлар, бошқа жамғармалар) ҳисобидан тўлаб берилади. Қолгани(75 фоизи)ни эса тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб, қопланади (талабгор томонидан).
Агарда талабгорнинг бунга қурби етмаса (кам таъминланган бўлса, доимий даромади бўлмаса), у ишлаётган ташкилот, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг маблағлари ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига бу пуллар тўлаб берилади.
Уй-жой олиш учун туман ҳокимлиги қошида тузилган махсус комиссияга ариза топширилади ва шу комиссиянинг тавсияси билан кейинчалик имтиёзли уй-жойга эга бўлиш мумкин.
Ариза учун охирги муддат – ҳар йилнинг 1 феврали белгиланган.
Талабгор комиссияга қандай хужжатларни тақдим қилади: ариза, паспорт нусхаси, солиқ тўловчининг индентификация рақами нусхаси (СТИР), оила аъзолари паспортлари ва никоҳ қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари, яшаш жойидан оила таркиби тўғрисида маълумотнома, ариза берувчи ва у билан бирга яшаётган оила аъзоларининг доимий иш жойларидан бериладиган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлари тўғрисида маълумотнома ёки ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлар тўғрисидаги декларациялар нусхалари, доимий прописка жойидан кадастр ҳужжати нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса), доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса).
Шунингдек, ижара ёки турар жойидан текинга фойдаланиш тўғрисида шартнома ёки туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими маълумотнома нусхаси (ариза берувчининг мулк ҳуқуқи асосида турар жойи бўлмаган ҳолатда), ногиронлиги кўрсатилган ҳолда пенсия гувоҳномаси, ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика тиббий 2-ижтимоий экспертиза инспекциясидаги туманлараро тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) маълумотнома нусхаси (оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногирони мавжуд бўлган ҳолда), турар жойи бўйича туман даволаш-профилактика муассасасининг врачлик-маслаҳат комиссияси (ВМК) маълумотномаси ёки ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларига чалинган ва Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахснинг мавжудлиги ҳолатида – туманлараро ТМЭК маълумотномаси тақдим этишлари керак бўлади. Ариза ва ҳужжатлар белгиланган қабул кунларида комиссияга топширилади. Комиссия аризани рўйхатга олади ва аризанинг бир нусхасига қабул қилинган шахснинг имзосини қўйиб, талабгорга берилади (ариза қабул қилиниб олинганлигининг исботи сифатида). Комиссия томонидан рўйхат рақамлаб борилади, рўйхат дафтари махсус муҳр билан ҳимояланган бўлади.
Комиссия (15 иш куни ичида) ариза берувчининг ҳужжатларини, доимий яшаш жойини, турмуш шароитини ўрганади, ўрганиб бўлгач, хулосалар тайёрлайди ва ёзма шаклда талабгорга беради.
Ҳозирги кунда уйга муҳтожлар кўп, уйлар сони чекланган. Бундай вазиятларда кимларга биринчи навбатда уй берилади?
Бир аёл уй-жойга муҳтож ва ёлғиз она, иккинчиси уй-жойга муҳтож, ёлғиз она ва айни дамда кам таъминланган, учинчи бир аёл эса ёлғиз она, кам таъминланган ва яна ногирон ҳам. Шунда, албатта, учинчи аёл биринчи икки аёлга нисбатан тавсия олишга ҳақлироқ ҳисобланади.
Аёл бу йил тавсиянома олмаган бўлса, кейинги ёки ундан кейинги йилларда олиши мумкин. Шу тарзда уй-жойга муҳтожлар сони камайиб, сизнинг тоифангиздагиларга ҳам навбат келади.
У.РЕЖАББОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уйчи туманидаги Халқ қабулхонаси мутахассиси.

