САРИШТАЛИ ХОНАДОН
Хонадон остонасидан ҳатлабоқ кайфиятимиз кўтарилди. Ҳаммаёқ озода, саранжом-саришта. Гуллар очилиб, райҳон иси уфуриб турибди. Томорқада етиштирилаётган резавор экинлар, тартиб билан экилган, мевали дарахтлар, иссиқхона эътиборингизни тортмай қўймайди. Эшик олдида уй эгаларини йўқлаганимизда, хонадон соҳибаси Ҳалимахон опа бизни қарши олди.
-Келинглар, хуш келибсизлар, иш билан банд эдим, -дейди опа иш кийимида эканидан ҳижолат тортиб.
-Ҳечқиси йўқ, сизнинг қилаётган меҳнатларингизни бир кўргани келяпмиз, -деди ҳамроҳим, Қумтепа МФЙ раиси Тожихон Охунова. -Қани энди маҳалла-миздаги ҳамма хонадон шундай бўлса. Кўриб, баҳри дилинг очилади-я.
Суҳбат жараёнида Ҳалимахон опанинг камтарин, зукко аёл эканлиги шундоққина сезилиб турарди.
-Кўчамизнинг номи «Уста», чунки усталар кўп, -дейди опа. -Раҳматли қайнотам Умматали ота ҳам катта уста бўлганлар. Сиз кўриб турган уйларни (қатор шинам уйларни кўрсатиб) қуриб берганлар. Неча йил бўлдики «мода»си ўлмайди. Ҳатто нақшинкор кўринишларни ҳам ўзлари қилганлар. Хонадонимиздаги батартиблик қайнонам Инобатхон аядан бизга мерос қолган. Улар даражасида бўлмасаям, ҳаракат қиляпмиз.
Хонадон эгалари салкам 13 сотих томорқадан уч мартагача ҳосил олишади. Бирор қарич ер бўш қолмайди. Кузда резавор экинлар экишса, баҳорда картошка, булғор қалампири, помидор етиштиришади. 1,5 сотихча жойни эгаллаган иссиқхонада 25 туп лимон парваришланяпти. Меванинг ҳар туридан бор. Узундан узун сўритокдаги узумларни кўриб: «Отасига раҳмат-э», -дейсиз. Ўнга яқин парранда ҳам бор.
-Томорқадан яхшигина даромад олсаларингиз керак-а? -дея яна савол билан юзланаман опага.
-Ҳа, ҳаммаси ниятимизга яраша, бирор ишга киришсак, келиним Мадинахон билан биз даромад қилишни эмас, аввало, яхши ҳосил олишни ўйлаймиз. Ўзимиздан ортса, бошқаларга тарқатамиз, деб иш бошлаймиз. Акангиз доим бизни шунга ўргатганлар ва ўзлари ҳосилни ҳаммага биринчи бўлиб улашадилар, -дейди Ҳалима опа.
Дарвоқе, хонадон соҳиби Низомиддин Аҳмадалиев ана шундай қўли очиқ, маҳалланинг ташаббускор фаолларидан экан. Буни хонадонга йўл олганимизда, маҳалла раиси қайта-қайта таъкидлаб, таърифлаган эди. Низомиддин ака «Уста» кўчасини намунали кўчага айлантириш, ҳамма уйлар ташқи қиёфасини бир хил рангда тус бериб, ўзгартириш ташаббуси билан чиқибдилар. Барча уларни қўллаб, иш бошлайдиган бўлишибди.
Низомиддин ака намунали хонадон соҳибигина эмас, касбининг фидойиси ҳам. Айни вақтда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли «Тез ёрдам» бўлимининг Жийдакапа шохобчасида ҳайдовчи.
Аҳмадалиевлар хонадонида камолга етган уч фарзанд ҳам эл хизматида. Ҳувайдо ҳамшира, Машраббой тадбиркор, турли хил темир дарвозалар ясайди. Нозимжон яқинда пойтахтимизда Миллий гвардияда иш бошлабди.
«Яхшиликни кулиб турган кишилардан изланг», -дейилган экан бир ҳадиси шарифда. Қумтепа маҳалласида яшовчи Аҳмадалиевлар оиласидагиларда шундай гўзал сифатларнинг шоҳиди бўласиз. Биз ҳам бундай фариштали хонадонлар кўпайишини тилаймиз.
Муҳаммадали ҚАМБАРОВ.

