ТАРҒИБОТ ТАДБИРИ
Оғу инсон жисмини қанчалик хароб қилса, жамиятнинг мол-мулки, бойлигига ҳам худди шундай мислсиз даражада зарар етказади. Аср вабоси, деб аталаётган бу иллат тинч-тотув яшаётган оилаларни бузади, болаларни етим қилади, муҳтожлик, қашшоқликда яшашга мажбур этади, охир-оқибат кишини таназзулга олиб боради.
26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш кунига бағишлаб туманимизда ҳам тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди. Ана шундай тадбирлардан бири туман мудофаа ишлари бўлимида бўлди. Тумандаги жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур йиғилишда Наманган ҳарбий прокурори ёрдамчиси, адлия катта лейтенанти Ж.Ортиқов, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Х.Шукриллоевлар сўзга чиқиб, гиёҳвандлик ёмон иллат эканлиги ва ундан доимо огоҳ бўлиш, оилада соғлом турмуш тарзига эришиш ҳақида мулоҳазалар билдиришди. Шунингдек, туман мудофаа ишлари бўлими шахсий таркиби, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ҳам тарғибот ишларини олиб бориш зарурлиги таъкидланди. Бу борада тумандаги тегишли ташкилотлар билан профилактик тадбирлар, мавзуга оид кечалар ва учрашулар доимий ўтказилиши келишиб олинди.
Тадбир якунида мавзуга доир ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Умиджон СУЛТОНОВ.

