ХАВФСИЗЛИККА ТАҲДИД

Коррупциянинг салбий иллатлари, аввало, унинг демократия ва қонун устуворлигига путур етказишида намоён бўлади. Коррупция оқибатида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қўпол равишда бузилади, қонунларга ҳурмат руҳи пасаяди, иқтисодий ривожланиш издан чиқади, энг даҳшатлиси, давлат ва жамият учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчилик кенг ёйилишига шароит яратилади.

Пора олганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан 100 баробаригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Ушбу жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилганда 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ёки бу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Пора олиш жинояти учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жаримадан 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо тайинланади. Пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун эса энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо белгиланган. Воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.

Самарали курашиш учун нима қилмоқ керак?

Албатта, бир давлат ҳудудида қўлланилган чора ва қабул қилинган қонунчилик бошқа давлатда ҳам худди ана шундай самара келтирмаслиги мумкин. Бундан ташқари, коррупцияга қарши самарали курашиш учун биргина қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши етарли эмас. Бунинг учун фуқаролик жамияти ҳам мазкур ишда фаол иштирок этиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик кучайтирилиши, судларнинг мустақил ва холис бўлишини таъминлаш, қонунлар парламент аъзоларининг эмас, балки мамлакат манфаатидан келиб чиқиб қабул қилиниши, барча давлат органларида шаффофлик таъминланиши, оммавий ахборот воситаларининг фаол иштироки, маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш учун хизматлар имкон борича электрон тизим орқали кўрсатилиши, соғлом рақобат муҳити шакллантирилиши керак бўлади.

Муяссар СУЛТАНОВА,

фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг судьяси,

Санобар ТЎРАБОЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судьяси.