ШУКУҲЛИ ОҚШОМ

«Ёшлар ойлиги» барча ҳудудларда бўлгани каби туманимизда ҳам юқори кайфиятда, уюшқоқликда ташкил этилди. Ойлик доирасида ижтимоий акциялар, маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари уюштирилди.

17-19 июнь кунлари «Ёш китобхон» танловининг туман босқичи ўтказилиб, ғолиблар аниқланди. Жумладан, 10-14 ёшлилар ўртасида 2-мактаб ўқувчиси Мадина Қирғизалиева, 15-19 ёшлилар ўртасида 34-мактаб ўқувчиси Зилола Ғофуржонова, 20-30 ёшлилар ўртасида 28-мактаб бошланғич ташкилоти етакчиси Сайёра Ғаффорова танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.

«Хизробод» тантаналар мажмуаси олд қисмида жойлашган фаввора атрофида «Ёшлар куни»га бағишланган тантанали тақдирлаш маросими ва гала концерт ўтказилди. Унда йил давомида фаоллиги ва юксак ютуқлари билан тенгдошларига намуна бўлган юз нафардан ортиқ ёш Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашининг фахрий ёрлиғи, эсдалик совғалари билан тақдирланди. Дастурда туман маданият бўлими хонандалари ҳамда ёш иқтидор эгалари томонидан тақдим этилган куй-қўшиқлар барчани рақсга ундади.

Ёшлик байрами туманимиз бўйлаб юқори савияда ташкилланди.

Ҳожиакбар ПАТТАЕВ,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси ўринбосари, «Камалак» болалар ташкилоти раиси.