ҚАРОР ВА ТАШАББУС ИЖРОСИ

Маҳалла фуқаролар  йиғинимизда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурининг амалга оширилиши ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус бўйича семинар бўлиб ўтди. Унда маҳалламизда бир йил давомида қилинган ишлар сарҳисоб этилди. Чунончи маҳаллада йил давомида 106 нафар фуқаро ўн хил йўналиш бўйича  1,5 млрд. сўм кредит олиб, ўз фаолиятини бошлади. Гулнора Муҳиддинова нон ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича «Саховат келажак» МЧЖ фаолиятини йўлга қўйди, 3 та ишчи ўрни яратди. Илёсбек Тўлқинбоев  «Илёсбек Макс Мебель» МЧЖни ташкил этиб, 8 кишини доимий иш билан таъминлади. Онахон Қаюмова «Дилбар-Саодат» ўқув марказини очиб, қизларга 11 хил йўналиш бўйича ҳунар ўргатмоқда. Тикувчилик бўйича 30 нафар, қандолатчилик, иссиқхона бўйича 5 нафардан, қуёнчилик соҳасида 10 нафар, турли дастгоҳлар ўрнатиш учун 11 нафар, чорвачилик бўйича 12 нафар, паррандачилик, балиқчиликда 1 нафардан фуқаро 8 фоизли имтиёзли кредит олиб, иш ташкил этди.

Семинарда ҳар бир йўналиш бўйича тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан қатнашиб, бундай имкониятлар яратиб берган Юртбошимиздан миннатдор бўлдилар. Туман маданият бўлими хонандалари, 13-сонли БМСМ, 26-мактаб ўқувчилари 5 ташаббус бўйича ўз чиқишларини намойиш этдилар. 26-мактаб қошидаги АРМ ходимлари китоблар кўргазмаси ташкил қилишди.

Семинарда туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова қатнашди ва сўзга чиқди.

Маҳмудахон БОЛТАБОЕВА,

Навоий МФЙ мутахассиси.