МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ИЛК МАРОТАБА АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ЎТКАЗИЛАДИ
Жорий йил 5 февралда мамлакатимиз раҳбаринининг «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5655-сонли Фармони тасдиқланди.
Қабул қилинган Фармон аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ишларидаги кенг қамровли тадбир бўлиб, кетма-кет ҳамда бир вақтнинг ўзида тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлган учта босқични ўз ичига олади.
Биринчи босқич (3 йилгача бўлган муддат)да аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни ташкил этиш, ўтказиш тамойиллари, услубий асослари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланади. Аҳолини рўйхатга олиш тадбири дастурини, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилишни ташкил этиш услубияти ишлаб чиқилади, аҳолини синов асосида рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ташкил этиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш ишлари олиб борилади. Ҳар бир рўйхатга олувчиларни ўз ҳудуди бўйича хариталар билан таъминланади, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ва аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишнинг ташкилий режаси тузилади. Ҳар бир хонадон рақамланиши ва кўчалар номланиши амалга оширилади, замонавий хариталаш технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилишини назорат қилиш, якуний натижаларни олиш ва тақдим этишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш орқали мониторинг қилиб борилади. Аҳолига аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади ва вазифалари ахборот-тушунтириш ишлари орқали таништирилади, рўйхатга олиш варақалари ва бошқа ҳужжатлар чоп этилиб, жойлардаги мутахассисларга етказилади. Рўйхатга олиш участкалари бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш ишлари ташкил этилади, рўйхатга олиш тадбирида иштирок этувчи вақтинчалик ходимлар ўқитилиб, уларни зарурий воситалар билан таъминланади.
Иккинчи босқичда (10 кундан 60 кунгача бўлган давр) бевосита аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш ишлари амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш тадбири материаллари қайта ишлаш учун ихтисослашган тузилмаларга тақдим этилади.
Учинчи босқичда (2 йилдан 3 йилгача бўлган давр) аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг бирламчи материаллари маълумотларни қайта ишлаш бўйича ихтисослашган тузилмалар томонидан қабул қилиб олинади, аҳолини рўйхатга олиш тадбири материалларини автоматлаштирилган тизимда қайта ишлашга тайёрланади, бирламчи маълумотларни киритиш, кодлаштириш, назорат ва таҳрир қилиш ишлари амалга оширилади, аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижалар олинади, аҳолини рўйхатга олиш тадбири натижаларини эълон қилиш ва уларни тарқатиш ишлари амалга оширилади.
Аҳолини рўйхатга олиш аҳолининг аниқ сони, жинси, ёши, турмуш даражаси, таълим даражаси, ҳаёти, бандлиги, фуқаролиги ва бошқа демографик ҳамда ижтимоий-иқтисодий хусусиятларига кўра батафсил маълумотлар олишни таъминлайди. Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурлари, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолини иш билан таъминлаш, миллий барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичларини шакллантириш, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотларни амалга ошириш, узоқ муддатли давлат бюджетини режалаштиришнинг асосини ташкил этади.
Вилоят статистика бошқармаси,
туман статистика бўлими.

