«ОБОД МАРКАЗ» ДАСТУРИ: ЯНГИЛАНАЁТГАН УЙЧИ
ЯНГИ ШИФО МАСКАНИ
Беруний маҳалласи ҳудудида «Руҳшона шифо тиб сервис» МЧЖга қарашли шифо маскани биноси фойдаланишга топширилди.
Жамият раҳбари Боқижон Асқаров ўн икки йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланади. Дастлаб у туманда «Уйчи реал акфа» МЧЖга асос солган ва айни вақтда ҳам акфа эшик-ромлари ишлаб чиқариш бўйича туманнинг энг олд тадбиркорларидан. У бир неча йилдан бери шифохона ташкил этишни мақсад қилиб юрарди ва унинг эзгу ниятлари бугун амалга ошди. Тадбиркор томонидан 1 млрд. сўм маблағ эвазига бунёд этилган шифо маскани биноси кўркам ва хоналари шинамлиги билан ажралиб туради. Уч қаватли замонавий бинода беморлар учун зарур шароитлар яратилган. Ҳозирда бу ерда гастроэнтерология, паразитология йўналишида хизмат кўрсатилиб, болалар ҳамда катталарда барча турдаги гижжалар, паразитларни комплекс текшириш ва даволаш йўлга қўйилган. Врач Ҳабибулло Тўйчибоев, олий тоифали гельментолог Манзура Холмирзаева, ҳамшира Малика Раҳматчаевалар малакали хизмат кўрсатишмоқда. Қабул ва даволаш жараёнлари эрталаб ва кечки вақт оралиғида амалга оширилмоқда.
Бинонинг ертўла қисмида акфа эшик-ромлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Цех фаолияти кенгайиб бормоқда.
Яқинда бинони фойдаланишга топширишга бағишланган маросим бўлди. Унда туман ҳокимлиги, фахрийлар вакиллари қатнашдилар. Туман ҳокимининг ўринбосари Мухторжон Бобожанов сўзга чиқиб, «Обод марказ» дастури ижросини таъминлашга ҳисса қўшган тадбиркорга миннатдорчилик билдирди.

