ТУШ ВА КАСАЛЛИКЛАР
Азиз ва муҳтарам бўлмиш инсон ҳаётида сир-синоат бўлиб келаётган воқеликлар бисёр. Шулардан бири инсонларнинг туш кўришидир. Олиму фузалолар бунинг туб сабабини ҳануз кашф этолмаганлар. Қадимда туш таъбирчилари кўрилган тушларни ўзларича изоҳлаб келганлар. Шу тариқа одамлар тушни турлича талқин қиладилар. Туш кўришнинг асл сабаби ҳозиргача аниқ топилмаган бўлса-да, турли фаразлар олға сурилган ва тадқиқотлар давом этмоқда.
Олимлар изланишлар чоғида туш ва касалликлар ўртасидаги боғлиқликни аниқладилар ва қуйидаги хулосага келдилар:
Юрак касаллиги бўлган одамни уйқуда тер босади, тушида таъқиб қилинади, қочади, йўқлик сари йиқилади ёки пойга, от чопиш билан шуғулланади. Қон босими юқори бўлса, зилзила, бўрон, сел, ҳарбий ишлар, террор, поезд, самолёт чинқириғи ва бошқа ҳолатларни кўради.
Бош миясида дарди бор бемор уйқусидан эзилиб, чарчаб, нохуш кайфият билан уйғонади. Тушкун кайфият кун ярмигача йўқолмайди.
Жигари хаста инсонлар тушида муштлашув, жанжал-суронни кўради. Қон тўкилиши, жароҳатларни кўрган бемор томоғи қақраб, қон таъмини ҳис этиб уйғонади.
Нафас йўллари касаллиги (пневмания, туберкулёз, бронхит, астма)да тушда одам чўкади, тупроққа кўмилади, кимдир уни бўғади. Баъзан баҳайбат жонзот кўксидан босади, унинг остидан чиқолмай, босинқираб, ҳаво етишмай уйғонади.
Ошқозон-ичак тизими касал бўлган одам яроқсизланган гўшт, мева-сабзавотларни кўради, истеъмол қилиб бўлмайдиган нарса (тупроқ, резина, ёғоч…)ни ейди ёки тиши тушади.
Киши асабий бўлса, тушида ўта иложсиз ҳолатда қолади: боши берк кўча, ёпиқ эшиклар, поезддан кеч қолиш, машинага етолмаслик кабилар кўринади.
Юқумли касалликларга чалинганлар тиниқ, рангли тушлар кўришади. Улар тушига кўпроқ ташналик, ёнғинда қолиш, ҳаммомда терлаш, ноқулай либослар кийиш ҳолатлари киради.
Соғайишдан дарак берувчи тушлар қуйидагича: тиниқ, шаффоф сув, янги туғилган чақалоқ, номаълум дафнлар, қуёш(ёруғлик)га чиқиш ва бошқалар.
Муштарийларга хайрли тушлар тилаймиз.
Русчадан Ўринбой МЎМИНОВ таржимаси.

