ГАЗЕТА УРМАСИН
айрим «зиёли»ларнинг ижтимоий тармоқдаги мажбурий обуна ҳақидаги иддаоларига
Менда газета ўқишга иштиёқни оддий механизатор Исроил ака Сабаралиев (охиратлари обод бўлсин) уйғотган. 13-14 ёшимдан колхоз даласида ишлаганман. Бригадир ёш бўлганим учун Исроил акага бириктириб қўйган, пайкалда трактор қайтишда босган ғўзаларни тиклаб юрардим. Исроил ака ҳар куни тушликдан сўнг қўлимга 15 тийин пул бериб, газета-журнал дўконидан 7 та газета олиб келишга юборарди. 5 та ўзбекча, 2 та русча газета олиб келардим. Кун қизиб кетганда, бир соат ишни тўхтатиб, тут тагида газеталарни ўқиб чиқарди. Ўқиб бўлганларини менга бериб, «Ўқи», -дерди. Мана, 50 йилдан ошди, ҳамон газета менга ҳамроҳ.
Ўтган асрнинг 80-йилларида колхозда турмуш маданияти бўйича раис ўринбосари бўлиб ишлаганман. Хизмат вазифам доирасида ҳар йили колхоз аъзоларини газета-журналга обуна қилиш билан бевосита шуғулланардим. Мингдан ортиқ одам ишлаётган хўжаликда обунадан бирор киши четда қолмас эди. Ҳатто газета ўқиёлмайдиган катта ёшли одамлар ҳам обуна бўлардилар. Гоҳо ҳазиллашиб: «Газетани ўқиёлмасангиз, нега обуна бўласиз?»-десак, ўзбегим содда эмасми, «Қизиқмисиз, ўқиёлмасак, суратини кўрамиз», «Болалар уйда ўқийди», «Кун қизиб кетса бошга соябон қиламан», «Кампирга берсам, токчага солади» – каби жавобларни берардилар. Энди англаб етсам, ўша саводсиз одамлар элдан қолмасликка, умумхалқ ишидан четда турмасликка ҳаракат қилишган экан.
Тракторчилар, шофёрлар, чорвадорлар, сувчилар газета ўқишарди. «Шарқ юлдузи»да босилган роман, қиссалар қўлма-қўл бўлиб ўқиларди. Тушлик чоғларида муҳокамалар бўларди. Ваҳоланки, бу ишларни кимдир ташкил этмас, ундамас эди.
Очиқ айтишга мажбурман, зиёлилар, дипломли мутахассислар орасида анчайин саводсизлик мавжуд. Таҳририятга келган мақолалар, турли материаллар ишланиш чоғида варақ юзи «лолазор» бўлиб кетади. Оддий сўзларнинг имло қоидаси асосида ёзилмаслиги, тиниш белгиларини қўяверинг, касбига, ихтисослигига оид атамаларни тўғри ёзолмаслик ҳолатларини учратганимизда, тўғриси, дилимиз оғрийди, ачинамиз. Ҳуснихат аллақачон удумдан четда қолган. Бу ҳолнинг ўқитувчи – устозларда учраши катта фожиа!
Мазкур нохушликларнинг сабаби битта: китоб, газета, журнал ўқимаслик!
Ҳаётда омади чопган инсонман. Менга кўплаб ғоят кучли билим, тажриба соҳиби, маънавиятли, гўзал хулқли, имонли, покиза устозлардан сабоқ олиш, бирга ишлаш насиб этган.
23-мактабда узоқ йиллар раҳбарлик қилган Отахон ака Болтабоев (охиратлари обод бўлсин) ана шуларнинг бири эдилар. Устоз: «Ўқитувчи кўчадан ўтаётганда, айғир от ҳам четга чиқиб, йўл бўшатади», -дердилар. Бу гапнинг тагида: «Ўқитувчи ҳар томонлама етук, кучли, салобатли, ибратнамо бўлмоғи керак», -деган маъно ётар эди. Биз, ўша даврдаги ёш ўқитувчилар устознинг бу талаблари даражасига етиш учун ҳамма ишни қилганмиз.
«Уйчинома» газетамиз кейинги йилларда сифат ва мазмун жиҳатидан анчайин юксалди. У вилоят миқёсида энг ўқимишли газета, деб эътироф этилди. Вилоят, туман ҳокимларининг қимматбаҳо совғаларига мушарраф бўлди.
Газетада бугунги даврнинг барча долзарб масалалари, муаммолар, ютуқлар ва камчиликлар имкон қадар ёритиб келинмоқда. Маънавият, маърифат, сиёсат, қонунчилик, саломатлик, қадриятлар, ёшлар тарбияси борасидаги мақолалар газетхонларга манзур бўлмоқда.
Ҳатто қўшни туманлардаги соҳалар вакиллари, мутахассислар мақолаларини «Уйчинома»да чоп эттиришмоқда.
«Уйчинома»га обуна бўлинганлиги ҳақидаги маълумотномага кўз ташлаган киши айрим таълим муассасалари, ташкилотлар, фермер хўжаликлари, хусусий корхоналар раҳбарлари зўр бериб жамоаларини «Уйчинома»дан «муҳофаза» этаётганларига гувоҳ бўлди. Бу ишлари вақтинча. Газета барибир уларнинг истеҳкомларини забт этади.
Халқимизда нон, китоб ва бошқа табаррук нарсаларни увол қилмасликка ундовчи гаплар кўп. «Нонни увол қилма, нон уради», -дейдилар.
Газета ҳам билганга табаррук нарса, эл кўзини очувчи, тарбияловчи, адолатни қарор топтирувчи восита. Ишқилиб, унга беписанд бўлган, ўқишни хоҳламаган кимсаларни газета урмасин!
Ҳа, дарвоқе, газетага обуна баҳоси ўша оддий колхозчилар обуна бўлган даврда ҳам бир кунлик иш ҳақи миқдорида эди. Ҳозир ҳам шундай!
Ўринбой МЎМИНОВ.

