ИЛЛАТНИ ЙЎҚОТИШ – ДАВР ТАЛАБИ
«Коррупция» лотинча сўздан олинган бўлиб, «емирилиш», «сотилиш», «оғмачи» каби маъноларни англатади. Коррупция мансабдор шахснинг ўз мавқеи ва ваколатларидан, унга ишониб топширилган ҳуқуқларидан фойдаланиб, ўз манфаатларини кўзлаб, ахлоқ ва одоб қоидаларини бузган ҳолда амалга оширган жиноий ҳаракатлари йиғиндисидир.
Коррупциянинг қатор турлари бор:
Маиший коррупция. Бу турдаги жиноятда фуқаро ўз ишини битириш учун мансабдор шахсга совға, пора беради, мансабдор шахс ўз мансаб ваколатини сотиб, қонунга зид равишда фуқаро томонидан берилган совға ёки пора эвазига унинг ишини битириб беради.
Ишбилармонлик коррупцияси давлат хизматчилари ва тадбиркорлар ўртасида содир этилади. Яъни, тадбиркор ўз ишини битириш учун давлат хизматчисига пора беради ёки хизмат қилади, давлат хизматчиси эса ушбу тадбиркорни берилган пора ёки кўрсатилган хизмат эвазига доимий равишда қўллаб юради.
Юқори ҳокимият вакиллари коррупцияси мамлакатнинг юқори турувчи ҳокимият раҳбарлари, сиёсий партиялар, юқори турувчи суд ҳокимиятлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан содир этилади.
Коррупцияга қарши курашиш методлари
Ички назорат. Бунда раҳбар томонидан ҳар бир ходимга бириктириб берилган вазифанинг бекаму кўст, тўғри, ўз вақтида ҳалол бажарилиши доимий назоратда ушлаб турилади.
Ташқи назорат. Бу суд ҳокимиятининг тўлиқ мустақил бўлишига, ҳокимиятлар ўртасида бир-бирини тийиб туриш принципига тўлиқ амал қилинишига, сўз ва виждон эркинлигига, оммавий ахборот воситаларининг тўлиқ эркин ҳаракат қилишига боғлиқдир.
Коррупция оқибатида етказиладиган зарар:
-давлат маблағларидан ва ресурсларидан унумли фойдаланилмайди;
-давлат бюджети катта миқдорда тушадиган солиқдан, тўловлардан маҳрум бўлади;
-бюрократик тўсиқлар туфайли давлат аппаратида унумли ишлаш анонси ва вақт йўқотилади;
-хусусий тадбиркорлар инқирозга учрайди;
-малакали ишчилар бошқа давлатларга кетиб қолади;
-чет эл инвестициясининг мамлакатга кириб келиши сустлашади ва иқтисодиётнинг ўсиши секинлашади;
-халқаро ташкилотлар томонидан берилаётган молиявий ёрдам ҳамда кредитлар мақсадсиз ишлатилади;
-ижтимоий тенгсизлик ўсиб кетади;
-уюшган жиноятчилик кучаяди;
-ҳукуматнинг сиёсий қарашларига путур етади;
-жамиятда ахлоқ қоидаларига риоя этиш сустлашади.
Исломжон ҚОЗИЕВ,
ФИБ Учқўрғон туманлараро судининг судьяси.

